Жанубий Кореяда ноқонуний юрган ўзбекистонликлар учун «яшил йўлак» орқали мамлакатдан чиқиб кетиш муддати 2025 йилнинг 31 январгача узайтирилди.
Ушбу қарор Миграция агентлигининг Сеулдаги ваколатхонаси ва Корея Адлия вазирлиги ўртасида ўтказилган музокаралар натижасида қабул қилинган.
Шунга кўра, 30 ноябрь куни тугаши лозим бўлган «яшил йўлак»лойиҳаси узайтирилди ва Кореяда ноқонуний юрган фуқаро 2025 йилнинг 31 январга қадар «яшил йўлак»дан фойдаланиб, эркин чиқиб кетиши мумкин.
Кореяда ноқонуний ишлаб, яшаб юрган шахслар 1 млн вон (716 доллар)дан (1 ойдан кам бўлса) бошлаб 30 млн вон(21 482 доллар)гача (7 йилдан кўп бўлса) миқдорида жарима тўлайди.
Кўрсатилган муддат ичида Кореяни ихтиёрий тарк этса эса юқоридаги жарималардан озод этилади ҳамда кейинчалик Кореяга қайта кириш енгиллашади.
«Ушбу муддат тугаганидан сўнг фуқаро Кореяда яна қоладиган бўлса, Миграция агентлиги томонидан шартнома бандларига кўра фуқаро ёки унинг кафилига нисбатан катта миқдорда жарима (ҳар бир ой учун 2000 доллар) ва Корея томонидан қайта киришга тақиқ қўлланилади», – дейилади Миграция агентлиги хабарида.
Агентлик, шунингдек, Корея Адлия вазирлиги сайти (www.hikorea.go.kr) ҳамда Миграция агентлигининг Сеулдаги ваколатхонаси 02-2285-1341 (Асилбек Абдумуталов, Саида Адҳамова) телефон рақамларини илова қилган.