Ҳозирда гумонланувчиларнинг ишлари терговни якунлаш учун прокуратурага топширилган. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху “қотиллардан бирортаси ҳам омон қолмаслиги”ни таъкидлаган.
Ўзбекистон томони нима демоқда?
Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 26 ноябрь куни ТИВ биносида Исроил элчиси Гидеон Лустиг билан учрашган.
“Зви Коганнинг вафоти муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирдик. Ўзбекистон халқи барча дин ва элат вакилларига азалдан дўстона муносабатда бўлиб келган. Биз миллатчиликнинг ҳеч қандай кўринишига тоқат қилмаганмиз ва бундан кейин ҳам тоқат қилмаймиз. Терроризм ва экстремизмнинг чегараси ва миллати йўқ”, деб ёзди вазир ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Бахтиёр Саидов Ўзбекистон ҳукумати тергов жараёнларида БАА ва Исроил идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини айтган.
Ўзбекистоннинг Дубай шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Абу Дабидаги элчихонаси Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралари билан доимий алоқада бўлиб, мазкур масала юзасидан ойдинлик киритиш мақсадида тегишли ишлар олиб бормоқда.