• Пн. Янв 13th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Россиялик журналист Алексей Пивоваров Нукусда ИИБга олиб кетилди


Нукусда 1 декабрь куни россиялик журналист Алексей Пивоваров, унинг суратга олиш гуруҳи ва “Hook” интернет нашри журналисти Фериде Махсетова қўлга олинди. Бу ҳақда “Hook” нашри хабар берди.

Фото: Алексей Пивоваров / Telegram

АОКАнинг Қорақалпоғистон бўйича минтақавий бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди.

“Дастлабки текширув натижасида хорижий журналистлар фаолияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида олдиндан аккредитациядан ўтмасдан амалга оширилгани аниқланиб, бу амалдаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади. Ҳозирда қўлга олинганлар Нукус шаҳри ички ишлар бошқармасида бўлиб, ҳодиса юзасидан барча ҳолатлар ўрганилмоқда”, — дейилади агентлик маълумотида.

Соат 21:30 ларда Алексей Пивоваров ўзининг Telegram-каналида вазият юзасидан қуйидагича изоҳ берди:  

“Айтганимдек, биз ҳозир Ўзбекистондамиз. Нукусда бўлганимизда Ички ишлар вазирлиги ходимлари суҳбатга таклиф қилишди. Биз гаплашдик, ўзимиз ва режаларимиз ҳақида гапириб бердик, ходимлар хушмуомалик кўрсатиб, тўғри муомала қилди. Ҳозир яна йўлга тушамиз. Ҳаммаси яхши!”

Алексей Пивоваров — машҳур телевидение журналисти, НTV ва бошқа телеканалларда фаолият олиб борган. Сўнгги йилларда у YouTube’даги “Редакция” каналида бир қатор постсовет мамлакатлари ва бошқа хорижий давлатлар ҳақида кўрсатувлар тайёрлаган.

Пивоваров ўз жамоаси билан Ўзбекистонда эканлиги ҳақида ноябрь охирида маълум қилган. Бир постда у пахта ип-калаваси ишлаб чиқариш жараёнини суратга олаётганини айтган. Нукусга келгунга қадар гуруҳ Самарқанд ва Тошкентда бўлган.

Хорижий давлатлар ОАВлари мухбирларининг Ўзбекистон ҳудудидаги касб фаолиятини тартибга солувчи асосий қоидаларга кўра (Ҳукумат қарори билан 2006 йилда тасдиқланган), бундай фаолиятга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида аккредитация асосида рухсат берилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *