Муваффақиятга эришиш йўлидаги тўсиқлар нималардан иборат? Дангасалик-танбаллик, билимсизлик, узоқни кўра билмаслик, яна эса ишончнинг йўқлиги… Энг катта тўсиқ-чи? Бу – қўрқув! Жуда кўп кишилар саъй-ҳаракатлари ва азму қарорларида қўрқувнинг бош бўлишига йўл очиб беришади. Шунинг учун ҳам улар ўз хавфсизликларини сезишдан бошқа ҳеч вақога эга бўлмайдилар.
Муваффақиятга чин дилдан эришмоқчи бўлган одамнинг ўй-хаёли қўрқув ва хавфсизликка интилиш эмас, балки натижани қўлга киритишда бўлиши керак. У бунёдкорлик ҳамда ўз мақсади сари дадил йўл олиши зарур. Президент Дуайт Эйзенхауэр шундай деган эди: «Инсон фақат қамоқхона камерасида ўзининг хавфсизлигини тўлиқ таъминлаши мумкин, унинг ҳаётдан бор-йўқ кутгани шундан иборат бўлса, албатта».
Кимки таваккалчилик билан қалтис ишга киришса, мантиқий фикр унга шу иш зарур деган бўлса, бундай кишини муваффақиятга эришади, дейиш мумкин.
Бизнинг ҳар биримиз қўрқувдан азият чекамиз. Аммо қўрқувнинг ўзи нима?
Қўрқув ҳаётимизни қўриқлаш учун чақирилган ҳиссиёт бўлиб, бизни хавф-хатардан огоҳлантиради. Шунинг учун у бизни огоҳлантирувчи сифатида юборилган неъмат ҳисобланади. Токи қарор қабул қилиш ва саъй-ҳаракатдан олдин тўхташимиз ва вазиятни кўздан кечириб чиқишимиз керак.
Аммо ҳамма гап шундаки, биз ўз қўрқувимиз устидан назорат қилишимиз шарт, токи у ўзимизни назорат қилмасин, бунга йўл қўймаслигимиз зарур. Қўрқувнинг белгиланиши биз учун огоҳлантирувчи сигнал бўлиб, биз унинг мулоҳаза, муҳокамаларга суқилиб киришига йўл қўймаслигимиз керак, чунки фикр-мушоҳадалар асосида ўзимизнинг хатти-ҳаракатларимиз дастурини ишлаб чиқамиз.
Франклин Рузвельтнинг: «Биз ўзимиздаги қўрқувдан бошқа ҳеч нарсадан қўрқмаслигимиз керак», деган сўзлари фақат Буюк Турғунлик давридагина эмас, бугун ҳам долзарблигича турибди.
Хўш, сиз қўрқувларингизни қай тарзда енгишингиз мумкин? Дадил бўлинг! Қўрқувга тўғридан-тўғри қараб, онгли равишда «Мен қўрқмайман», ─ деб айтинг. Сўнгра ўз-ўзингиздан: «нимадан қўрқаман?» ─ дея сўранг. Сиз ушбу саволар орқали вазиятни таҳлил қиласиз, кўп ўтмай қўрқувларингизнинг таркибий қисмларини ташкил этувчи ҳиссиётларни бартараф этасиз.
Кейинги қадам муаммоларни ҳар томонлама кўриб чиқишдан иборат бўлади. Бу босқичда таваккалчилик, қалтис ҳолат мавжуд бўлиб, сиз унга тик бориб, кутилаётган мукофотга сазовор бўласиз.
Хўш, яна бошқа ҳаракатланиш имкониятлари борми? Яна қайси муаммолар билан тўқнаш келиш мумкин? Сиз барча керакли ахборотларга эгамисиз? Шундай вазиятга тушиб қолганда бошқалар ўзини қай даражада тутади ва натижа қандай бўлади?
Сиз қачон таҳлилни тугатсангиз, шу заҳоти ҳаракатга киришинг! Ишни пайсалга солиш янада кўпроқ шубҳа ва қўрқувга йўл бошлайди.
Бир таниқли психолог айтган эдики, агар одам ёлғизликда қолса, тунда қандайдир товуш эшитганини тасаввур қилиб, қўрқиб кетиши мумкин.
Унинг қиладиган иши бир оёғини пол устига қўйиб, шу билан гўё ўз қўрқувини енгиш сари битта қадам босади. Муваффақиятга интилган киши ҳам айнан ана шундай қилиши, ўзининг қўрқуви устидан назорат ўрнатиб, шу тариқа мақсади сари биринчи қадамни қўйиши лозим.
Эсингизда бўлсин, бу ҳаётда ҳеч ким яккаю-ёлғиз юра олмайди. Муқаддас китобларда кишига хотиржамлик бахш этувчи илоҳий амрлар бор. Уларни шиор қилиб олиш мумкин: «Қўрқманг, чунки мен доимо сиз билан биргаман».
Бу сўзларга ишониш сизни шу қадар руҳий куч билан таъминлайдики, натижада ҳар қандай вазиятнинг юзига тик қарай оладиган бўласиз.
Қўрқманг ва муваффақият қозонинг!
(Наполоен Хилл китобидан)