2025 йилда Тошкентда ўтиши режалаштирилган Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари Ўзбекистонда ўтказилмайдиган бўлди. Мусобақага Баҳрайн мамлакати мезбонлик қилади. Бу маълумотни Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати «Dunyouzbeklari.Com»га тасдиқлади. Шунингдек, 2 декабрь куни Осиё олимпия кенгаши ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида бу ҳақда расман хабар берди.

«Осиё олимпия кенгаши Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган III Осиё ўсмирлар ўйинлари мамлакатда ўтказилиши бекор қилинганини эълон қилди. Энди тадбир 2024 йил 2 декабрдаги Ижроия кенгаши йиғилишида қарор қилинганидек, 2025 йилда Баҳрайнда ўтказилади», — дейилади хабарда.

баҳрайн, осиё оʻсмирлар оʻйинлари, осиё олимпия кенгаши

Ўзбекистон 2025 йилги Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини 2019 йил сентябрь ойида Доҳада бўлиб ўтган ООК қарорига кўра олганди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 августдаги «Танловга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори тасдиқланди.

Ўзбекистондаги Олимпия шаҳарчасининг қурилиши 2022 йил 9 ноябрь куни давлат раҳбари қўйган тамал тоши билан бошланганди. Унга мингга яқин ишчи ва муҳандислар, махсус техникалар жалб қилинди. «Dunyouzbeklari.Com» давлат раҳбарининг шаҳарчадаги қурилишларни бир неча маротаба кўздан кечиргани боргани ҳақида хабарлар ёзганди.

Ушбу лойиҳанинг қиймати 289 миллион доллардан зиёдга баҳоланган. Шаҳарча майдони 100 гектар. Бу ерда 10 минг ўринли енгил атлетика ва футбол стадиони, 6 та ёпиқ ва 7 та очиқ спорт иншоотлари, сув спорти саройи, велотрек, яккакураш, жамоавий спорт мажмуалари барпо этилиши кўзда тутилган.