Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтказилаётган COP16 конференцияси доирасида Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг (IUCN) Тошкент шаҳрида ваколатхонасини ташкил этиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «Dunyouzbeklari.Com» мухбири.
Ҳужжатни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва IUCN бош директори Гретел Агилар имзолади.
Иттифоқ офиси 2024 йилнинг февраль ойида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University)да очилган бўлиб, бугун имзоланган битим IUCN`нинг мамлакатдаги фаолияти учун ҳуқуқий асос ҳисобланади ҳамда давлат органлари билан ҳамкорлигини таъминлайди.
«Экологик муаммолар чегара билмайди, бу эса кучларни бирлаштириш ва трансчегаравий ҳамкорлик муҳим эканлигини англатади. IUCN`нинг Тошкентдаги ваколатхонаси нафақат Ўзбекистонга, балки бутун Марказий Осиё минтақасига хизмат қилиб, табиатни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришидан мамнунмиз», — деди Азиз Абдуҳакимов.
Гретел Агилар IUCN`нинг минтақанинг ноёб биологик хилма-хиллиги ва қимматли табиий ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича саъй-ҳаракатларига янада салмоқли ҳисса қўшиш имкониятини тақдим этгани учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди.
Маълумот учун, республика иттифоққа 2021 йилда аъзо бўлган. У энг қадимги ва нуфузли табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти бўлиб, ҳукумат ва фуқаролик жамияти ташкилотларидан иборат.
IUCN БМТ Бош ассамблеясида кузатувчи мақомига эга ва бутун дунё бўйлаб 1400 дан ортиқ аъзо ташкилотлар ва 15 000 дан ортиқ экспертларнинг тажрибаси, ресурслари ва имкониятларидан фойдаланади.
Яқин келажакда IUCN, Глобал экологик фонд ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ташкил этилган Ўзбекистонда табиатни муҳофаза қилиш ва алоҳида қимматли ландшафтларни тиклашни комплекс бошқариш лойиҳасини ишга тушириш орқали ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилмоқда.