Самарқанд вилояти Қўшработ туманида фуқаролар керакли рухсатномалари бўлмай туриб мактаб ва боғчаларда илон томошаси ўтказгани аниқланди. Болалар омбудсмани сўрови асосида ИИВ ҳолатни ўрганди.
Унга кўра, 24 октябрь куни тумандаги боғчада Иштихон туманида яшовчи Б.М. ва И.Б. 60 нафарга яқин тарбияланувчининг кўз ўнгида бўғма илон (Қизил китобга киритилган, ноқонуний равишда сақланган йўлбарс питони, узунлиги — 2,50 метр) билан цирк томошаси намойиш қилган.
Б.М. фаолият юритувчи МЧЖда Қўшработ тумани ҳудудида 2024 йил 31 декабргача замонавий цирк томошаларини ўтказиш учун рухсатнома бўлса-да, унда илон ўйини кўзда тутилмаган, таъкидлади болалар омбудсмани.
Текшириш давомида ушбу шахслар пул эвазига тумандаги 8 та мактабда ҳам мазкур бўғма илон томошасини ўтказгани аниқланди, уларда жами 840 нафар ўқувчи томошабин бўлиб иштирок этган.
26 ноябрда ноқонуний сақланган йўлбарс питони мутахассислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб, вилоят экология бошқармасига тегишли тартибда топширилди. Ўз навбатида, бошқарма жонзот Зарафшон миллий табиат боғи реабилитация марказида боғ мутахассислари томонидан махсус кўрикдан ўтказилаётгани ва вақтинча сақланаётганини маълум қилди.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланди, вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан қонуний чоралар кўрилмоқда, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, болалар омбудсмани таълим муассасаларида болалар хавфсизлигига зид ушбу томошаларга йўл қўйганларга тегишли чора кўриш ва келгусида бундай ноқонуний ҳаракатларни олдини олиш юзасидан мутасаддилар билан ишламоқда.