«Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров мактаб дарсликлари учун ижара тўловини жорий этиш тўғрисидаги таклифни қайта кўриб чиқиш зарурлигини айтди.
26 ноябрь куни парламент қуйи палатаси 2025 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Жараён Қонунчилик палатасининг YouTube каналида эфирга узатилган, бироқ видео кейинроқ олиб ташланган.
Бюджетнома лойиҳасида мактаб дарсликларининг ижара тўловини қайтариш таклиф этилган (у 2022 йилда бекор қилинган). 2−11-синф ўқувчилари учун тўплам учун тўлов 80 минг сўмни ташкил этиши мумкин. Бу давлат бюджетига тушадиган юкни тахминан 376 миллиард сўмга камайтириш имконини бериши кутилмоқда.
Давлат бюджети лойиҳаси ҳақида сўз юритар экан, Алишер Қодиров: «Бизнинг асосий мақсадимиз — маблағлар ҳажми эмас, балки улардан самарали фойдаланишдир», — деди.
Унинг сўзларига кўра, таълим тизимига ажратилаётган катта маблағларга қарамай, «улардан самарасиз фойдаланилмоқда.» У ўқитувчиларнинг иш ҳақига ажратилаётган қарийб 50 триллион сўм кутилган натижани берадими, деган саволни берди.
«Таълим тизимига катта маблағ ажратилгани мутлақо тўғри ва биз буни қўллаб-қувватлаймиз. Таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотларда муваффақиятга эришмасак, барқарор ривожланишнинг оддий мақсадларига ҳам эриша олмаймиз. Шунинг учун бу жуда муҳим. Лекин биз ўқитувчилар маошига режалаштирилган қарийб 50 триллион сўмдан кутилган натижага эриша оламизми, деган саволни бердик», — деди у.
«Биз бу саволни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига доимий равишда беряпмиз. Лекин кеча биз уни Иқтисодиёт ва молия вазирлигига йўлладик. Биз ўқитувчиларнинг иш самарадорлигини баҳолаш тизими борми, деб сўрадик. Яхши ўқитувчилар кўпроқ, ёмон ўқитувчилар камроқ оладиган ўқитувчилар учун рақобатли тизим яратайлик. Бу ўқитувчиларга ўзаро рақобатлашиш имконини беради,» — дейди Алишер Қодиров.
Депутат болаларга билим берадиган ўқитувчининг сифатли меҳнати учун кўпроқ ҳақ тўлаш кераклигини айтди.
«Рақобатга бардош бера олмайдиган ўқитувчилар камроқ маош олиб, тизимни тарк этсин. Бизнинг болаларимиз бундан яхшироқ нарсага лойиқ. Шунинг учун ҳам биз ажратилаётган маблағларга эътироз билдирмаймиз, лекин вазирликка самарадорликни ошириш учун тизим ишлаб чиқишни таклиф қилдик», — деди у.
Парламент аъзоси мактаблардаги тўгаракларни давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш масаласига ҳам тўхталиб, бу борадаги ёндашувни қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Эслатиб ўтамиз, мактабларда тўгараклар ташкил этиш ва уларга камбағал оилалар реЭстридаги болаларни жалб қилиш учун 500 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган.
«Бу тўгараклар фақат камбағал оилалар болалари учун эмас, балки мактаб тизими доирасида бўлиши ва давлат бюджетидан молиялаштирилиши керак. Мактабларнинг ўзида бюджетдан молиялаштириладиган бепул спорт, техника ва тил тўгараклари бўлиши муҳимдир. Биз ёндашувни кенгайтириб, барча мактабларда шундай амалиётни жорий этишни таклиф қилдик. Ўйлайманки, бу масалага иккинчи ўқишга келамиз», — деди партия етакчиси.
Шунингдек, у бюджет ҳисобидан суратга олинган фильмлар нафақат кинотеатрлар орқали, балки миллий ўзликни англаш, ғурур ва ватанпарварликни тарғиб қилиш учун миллий телеканалларда кенг намойиш этилиши кераклигини таъкидлади.
Партия, шунингдек, хусусий мактаблар ва боғчаларни солиқлардан озод қилиш тўғрисидаги қарорни маъқуллади.
26 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда депутат Қизилгул Қосимова ўқитувчи ва тиббиёт ходимларининг паст ойлик маошлари ушбу соҳалардаги хизматлар сифатига таъсиридан хавотир билдирди. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров бу масала мураккаблигича қолаётганини таъкидлади. «Асосий муаммо — кимга ва нима учун юқори маош тўлаш кераклигини аниқлаш,» — деди у.
Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, президент халқаро сертификатга эга тиббиёт ходимлари юқори маош олиши мумкин бўлган тартибни ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган. Худди шундай тизим халқ таълимида ҳам мавжуд: ўқитувчиларнинг кичик қисми (1,1 фоиз) халқаро сертификатлар мавжудлиги ва малака синовларида юқори натижаларга эришганлиги учун устамалар туфайли 1000 доллар маош олади.
Январь-сентябрь ойлари якунларига кўра (иш ҳақининг 1 октябрдан ошиши ҳисобга олинмаган) Ўзбекистонда ўртача номинал иш ҳақи 5,1 млн сўмдан ошди. Ўсиш суръати 18,5 фоиздан 16,4 фоизгача секинлашди.
Энг паст ўртача ойлик иш ҳақи соғлиқни сақлаш соҳасида — 2,92 млн сўмдан 3,3 млн сўмгача (ўтган йилдаги 16,4 фоизга нисбатан 12,9 фоизга ўсиш) ва таълим соҳасида — 3,05 млн сўмдан 3,48 млн сўмгача (+17 фоизга нисбатан 14,3 фоиз) қолмоқда. Ўқитувчи ва шифокорлар иш ҳақининг ўсиш суръати ҳам бироз секинлашди, бунинг натижасида ушбу соҳаларда республика даражасидаги иш ҳақи фарқи ошди.
Хусусан, 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида таълим соҳасидаги иш ҳақи республика даражасидан 30,3 фоиз бандга паст бўлган бўлса, 2024 йилнинг тўққиз ойи якунига кўра фарқ 32,4 фоиз бандга етди.