Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишида мамлакат учун очиладиган имкониятларни кўриш кераклигини таъкидлади.
Тадбиркор бу ҳақда 29 ноябрь куни «Тошкент ёшларни севади» ойлиги доирасида ўтказилган ёшлар тадбиркорлиги йўналишидаги очиқ мулоқотда қайд этди, деб ёзмоқда Spot.
ЖСТга қўшилиш натижасида четдан сифатли ва арзон маҳсулотлар кириб келса, маҳаллий тадбиркорлар «синиб кетади деган прогнозлар қанчалик ўринли?» деган саволга тадбиркор «бу ноўрин қўрқув», дея жавоб берган.
«Масалан, ташкилотга аъзо давлат — АҚШга янги раҳбар Трамп келяпти. У Мексика билан Канадага божни 25 фоизга, Хитойга 10 фоизга оширмоқчи. Бу эса ЖСТ қоидаларига зиддир. Яъни, битта раҳбар алмашиши билан савдо ташкилоти қонун-қоидаларини ўзгартиришнинг имкони йўқ», — дейди Ортиқхўжаев.
Унинг айтишича, Трамп бу орқали Америка бозорини қайсидир маҳсулотлардан ҳимоя қилмоқчи. Яъни ЖСтга кириш бутун ишлаб чиқарувчиларни ҳимоясиз қолдириш, давлат ўзининг ишлаб чиқариш стратегиясига эга корхоналарини оғир аҳволга ташлаб қўяди, дегани эмас, дея тушунтирди тадбиркор.
Ортиқхўжаев Ўзбекистондаги кўпгина корхоналар ЖСТнинг ҳар қандай талабларига жавоб бера оладиган маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятига эгалигини таъкидлади. «Катта бир зарар ёки қўрқинчли ҳодиса юз беради деб ўйламайман», деди у.
Шунингдек, тадбиркор ташкилотга қўшилиш мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий давлатларга ҳам етказиб бериш, қулай тарзда олиб киришга ёрдам беришини таъкидлади.
«Биз импортдан эмас, бизга очилаётган бошқа давлатларга хурсанд бўлишимиз керак. Яъни, бизнинг маҳсулотларимизни бошқа давлатларга ҳам сотиш имкониятларимиз кўпаяди. Танганинг иккинчи томони бор. Ҳамма биз ютқазамиз, деб ўйлаши мумкин, лекин ютадиган жойларимиз ҳам кўп. <...> Ва фақат сифат ошади, халққа ва давлатга фойда келтиради», — дея хулоса қилди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Ноябрь ойи бошида Ўзбекистон АҚШ билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаганди. Қўшма Штатлар Ўзбекистон билан ташкилотга аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаган 21-давлат бўлди.
29 ноябрь куни эса Хитой билан икки томонлама музокаралар якунланган. Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Урунов «22 та мамлакат билан музокаралар тугади, кўп қолмади», дея таъкидлади.
2 декабрь куни эса Филиппин билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокаралар ўз ниҳоясига етди. Урунов ва республиканинг ЖСТдаги элчиси Тиханки Мануэль 1 декабрь куни Женевада бўлиб ўтган учрашувда протоколни имзолади.