• Сб. Янв 25th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

АҚШдаги сайлов, Қатардаги мағлубият, декабрь ҳавоси ва зумерлар нима дейди? – Dunyouzbeklari.Com

АҚШдаги сайлов, Қатардаги мағлубият, декабрь ҳавоси ва зумерлар нима дейди? – Dunyouzbeklari.Com



«Dunyouzbeklari.Com» YouTube’даги ўзбекистонлик контент муаллифлари томонидан тайёрланган видеоларнинг ойма-ой сарҳисобини тайёрлашда давом этади. Навбат — 2024 йилнинг ноябрь ойи якунларига.

Изоҳ: Қуйида муштарийлар эътиборига ҳавола этилаётган видеолар таҳририят тавсияси эмас. Бунда аниқ бир формат остида мунтазам контент эълон қилиб келаётган, муаллифи ўзбекистонликлар бўлган ўнлаб YouTube лойиҳалардан айримларининг 2024 йил ноябрь ойидаги энг кўп кўрилган биттадан видеоси танлаб олинган. Айни вақтда, фурсатдан фойдаланиб, «Dunyouzbeklari.Com»нинг ўзбек ва рус таҳририятлари томонидан ноябрь ойида тайёрланган видеоконтентни ҳам яна бир бор эслатиб ўтишни жоиз деб билдик.

«Dunyouzbeklari.Com» эълон қилган видеолар

«Контекст». АҚШда сайловлар қандай ўтади?

5 ноябрь куни АҚШда навбатдаги президентлик сайлови бўлиб ўтди. «Dunyouzbeklari.Com» ўзининг янги — «Контекст» лойиҳасида бу мамлакатда сайлов қандай ташкиллаштирилиши, иккиланувчи штатлар, 2024 йилги сайловнинг аввалгиларидан фарқи ва президентликка номзодлар илгари сураётган ғоялар ҳақида маълумот беришга ҳаракат қилди.

Сўровнома: Жамоат транспорти аёллар ва эркаклар учун алоҳида ажратилиши керакми?

Ўзбекистонда жамоат транспортлари аёллар ва эркаклар учун алоҳида ажратилиши керак, деб ўйлайсизми? Кўпчилик бу хавфсизлик ва қулайликни таъминлаши мумкин, деб ҳисоблайди. Баъзилар эса тиқилинчни бартараф этиш учун бошқа чораларни таклиф этади. Бу ҳақда пойтахт аҳолиси нима дейди? «Dunyouzbeklari.Com» айрим ҳудудларда бўлиб, уларга микрофон тутди.

Бойсун заволи — 2. Жиловланмаган кон, газдан заҳарланаётган аҳоли: Бойсуннинг тақдири нима бўлади?

«Dunyouzbeklari.Com» жамоаси 1−2-ноябрь кунлари техноген офат оқибатларидан ҳали ҳам азият чекаётган Бойсунда бўлиб, ноябрь бошидаги вазият ва бойсунликларнинг фикрларини ўрганган эди. Бойсундан тайёрланган биринчи репортажни бу ҳавола орқали кўриш мумкин.

Автомактаблар қачон очилади? Расмийлар жавоби

Ўзбекистонда 2024 йилнинг февралидан бери автомактаб эгалари ўқувчиларнинг янги гуруҳларини очолмаётганидан эътироз билдирмоқда. Улар бунга имтиҳон марказларига мўлжалланган «оғир талаблар»нинг автомактабларга ҳам қўллангани сабаб бўлди, деяпти. ЙҲХХ эса талабни бажарганлар бемалол ишлаётганини айтмоқда. «Dunyouzbeklari.Com» вазиятни ўрганди.

Ой материали: Бойсун ҳақидаги репортажлар қандай тайёрланди?

«Ой материали» подкастининг навбатдаги сонида Отабек Турдиев ва Зиёда Рамазонова Бойсундаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конига қарашли қудуқлардан бирида содир бўлган авария оқибатларига бағишланган материаллар қандай тайёрлангани ҳақида ўз тажрибалари билан бўлишди.

Сўровнома: Андижонликлар Бобур ҳайкали кўчирилиши ҳақида нима дейди?

Андижондаги Бобур ҳайкали жойлашган майдон ўрнида бизнес маркази қурилиши, ҳайкал эски шаҳар ҳудудига кўчирилиши режалаштириляпти. Бобур ҳайкалининг кўчирилиши ва унинг ўрнида иншоот қурилиши тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. «Dunyouzbeklari.Com» Андижонда бўлиб, вилоят аҳолисининг муносабатига қизиқди.

Декабрь ойида об-ҳаво қандай бўлади?

Сўнгги бир неча ўн йилликда Ўзбекистонда қишда совуқ кунлар сони икки баробарга камайган. 2024 йил декабри ҳам, прогнозларга кўра, илиқроқ ўтади. Аммо ой боши совуқроқ келиши кутилмоқда. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов «Dunyouzbeklari.Com» учун декабрь об-ҳавоси бўйича шарҳ тайёрлади.

Мифономика. Инсон умрининг қиймати йўқми?

«Dunyouzbeklari.Com», бир неча ойлик танаффусдан сўнг, «Мифономика» подкастини давом эттиради. Бу гал Нью-Йорк университети профессори, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов билан инсон умрининг иқтисодчилар томонидан баҳоланиши, бунинг нима учун кераклиги муҳокама қилинди. Масалан, бахтсиз ҳодиса ёки бошқа сабаблар билан инсон вафот этганида, унинг оиласига ким ва қанча компенсация тўлаб бериши керак? Жароҳатланганида-чи? ЙТҲлардан ўлимлар сонини камайтириш учун давлат сиёсатида инсон умрининг баҳоси ҳисобга олиниши нима учун муҳим? Подкастда шу каби саволлар атрофида фикр юритилган.

Сўровнома: Талабаларга бир ойда қанча пул керак?

17 ноябрь — Халқаро талабалар куни. Сана муносабати билан «Dunyouzbeklari.Com» Тошкент ва Нукусдаги талабалардан байрам, уларнинг бир ойлик харажатлари миқдори, талабалик ҳаётининг яхши ва қийин жиҳатлари ҳақида сўради.

Рус тилида. Болаларни зўравонликнинг барча турларидан ҳимоя қилиш бўйича янги қонун қандай бўлади?

Ўзбекистонда «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унинг устида 2023 йил октябридан бери Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги ва UNICEF ишлаб келаётган эди. Ҳужжатда болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган. «Dunyouzbeklari.Com» Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги оғир ҳаётий вазиятларга тушиб қолган болалар учун ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Лайло Файзимуродова ва UNICEF`нинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг болаларни ҳимоя қилиш бўйича мутахассиси Сафинас Ахаева билан янги қонун қандай ишлаши ва у жамиятда зўравонликка нисбатан муносабатни ўзгартира олиши ёки йўқлиги бўйича суҳбатлашди.

Дилфуза Аллаёрова. Жаҳон чемпионига айланган янгибозорлик ўқитувчи

Янгибозорлик Дилфуза Аллаярова дунёдаги энг нуфузли югуриш мусобақаларидан бири — Сидней марафонида чемпион бўлди. У 2 соат 55 дақиқада 42,2 км масофани босиб ўтди. Спортдаги саргузаштларини пандемия даврида 5 км масофага югуришдан бошлаган ва 2021 йилда «Zaamin Ultra»да 50 км масофани югуриб, Ўзбекистондаги биринчи ултрамарафончи аёлга айланган Дилфуза опа энди Нью-Йоркдаги мусобақага ҳозирлик кўрмоқда ва 100 километрга югуриш орзусида.

Бошқа муаллифлар эълон қилган видеолар

Энди бошқа муаллифлар эълон қилган видеоконтентларга ўтсак. Бунда, юқорида қайд этилганидек, аниқ бир формат остида мунтазам контент эълон қилиб келаётган, муаллифи ўзбекистонликлар бўлган ўнлаб YouTube лойиҳалардан айримларининг 2024 йил ноябрь ойидаги энг кўп кўрилган биттадан видеоси танлаб олинди.

NmaGap. «Фикрламасак, қул бўлиб қолаверамиз!». Расул Кушербаев

«NmaGap» лойиҳасининг ноябрь ойидаги сонларидан бирида собиқ депутат, экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев меҳмон бўлди.

Марказий сектор. Саволлар мураббийга! Футболчиларга эътироз йўқ

14 ноябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичи доирасида Қатарга мағлуб бўлди. Ўйиндан сўнг баъзи мухлислар Ўзбекистон терма жамоаси мураббийини ўйин услубини ўзгартиргани учун қоралаган бўлса, бошқалари ҳакамни ўйинни ўз вақтида якунламагани учун танқид қилди. «Марказий сектор» лойиҳасининг қуйида келтирилаётган сони ана шу учрашувнинг батафсил таҳлилига бағишланган.

Ўзбекча футбол. Ўзбекистон терма жамоаси ва бош мураббий кескин танқид қилинди | Мирзаҳаким Тўхтамирзаев

Футбол мавзуси давом этади. Юқорида таъкидланганидек, терма жамоанинг Қатарга қарши ўйинидан сўнг унинг ўйин услуби ва мураббийини танқид қилувчилар етарлича бўлди. Хусусан, «Ўзбекча футбол» подкастида футбол шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев меҳмон бўлиб, Ўзбекистоннинг Қатар билан ўтказилган ва Шимолий Корея билан бўлиб ўтиши кутилаётган ўйини (суҳбат 18 ноябрь куни эълон қилинган, Ўзбекистоннинг Шимолий Корея билан ўйини эса 19 ноябрь куни ўтказилди ва унда ўзбекистонлик футболчилар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди) ҳақида ўз фикрларини билдирган.

Техноплов. Олам торлардан иборатми? Оламнинг ягона назарияси

«Техноплов» лойиҳасининг навбатдаги сонида «Борлиқ иплардан иборатми?», «Гравитацияни ушлаб кўриш мумкинми?», «Бутун борлиқ яралишини тушунтириб берадиган қоида мавжудми?», «Нега вақт бўйича саёҳат қилиш имконсиз?», «Ёруғлик тезлигидан ҳам тез бўлган нарса мавжудми?» каби саволларга жавоб изланди.

Sahna standup. Абдураҳим Мансуров | «34» номли стендап концерти

Ноябрь ойида «Sahna» стендап клуби резиденти Абдураҳим Мансуровнинг «34» номли концерт дастури YouTube’га жойлаштирилди.

Лолазор. 2025 йилда кимнинг чўнтаги тўлади?

Одатда ҳар ҳафта якшанба куни янги сони эълон қилинадиган «Лолазор» подкасти учун ноябрь ойи баракасиз келди — ой давомида фақат битта подкаст чиқди. Унда бюджет, АҚШ Ўзбекистонни ЖСТга қўшилишини қўллаб-қувватлагани, кўп имтиёзларнинг яширин тарзда берилаётгани, Америкадаги сайлов, пропан нархи каби мавзулар кўтарилди.

Магнит. Умрни узайтириш мумкинми? Нега ҳақиқий ёшимизни билмаймиз?

«Магнит»нинг бу галги сонини лойиҳа муаллифи Абдуллажон Юсупов инсон умри давомийлиги мавзусига бағишлади ва умрни узайтириш мумкинми, деган саволга жавоб излади.

НҚЭ подкаст. Трамп тахтга ўтирганининг дунёга таъсири

Азам Қаҳрамоний ўзининг «Нозик қалб эгалари» подкастида бу сафар блогер Нозим Сафари билан АҚШдаги сайловлар натижаси ва Трамп ҳокимиятга келишининг дунёга таъсири ҳақида фикр алмашди.

Улар. Ўзгача қадриятли зумерлар билан суҳбат. Махсус сон

«Улар» лойиҳасининг навбатдаги сонида зумер авлод вакиллари меҳмон бўлди. Суҳбат давомида уларнинг қадриятлари, фикрлаши, хоҳиш-истаклари ҳақида ҳамда улар «милленниал»лардан нимаси билан ажралиб туриши ҳақидаги сўралди.

Фикр етакчилари. Россия ва Хитойдан қочаётган миллиардерлар, Илон Маск Оқ уйда, насия савдо ва маркетплейслар

«Фикр етакчилари» подкастининг бу сафарги меҳмони — Asaxiy интернет-дўкони асосчиси Фируз Аллаев. Подкаст муаллифлари у билан бизнесдаги тажрибаси, Asaxiy’нинг ривожланиш тарихи ва келажакдаги режалари ҳақида сўради. Суҳбат давомида шунингдек, Трампнинг АҚШ президентлигига қайтиши, Америкадаги сайловлар ва Илон Маскнинг сиёсатга яқинлашиши ҳақида ҳам гап борди.

Сигма. Ислом, либерализм ва ғоялар

«Сигма» подкастининг ноябрдаги сонларидан бирида сиёсатшунос Ҳамид Содиқ меҳмон бўлди. Меҳмон билан ҳозирги сиёсат қоидалари қандай пайдо бўлгани, Уйғониш даврида шаклланган ғоялар, демократия ва либерализм инқирози, либераллар ва консерваторлар ўртасидаги қарама қаршиликлар ҳақида суҳбатлашилди.

Сусамбил. Маймунлар қироли оламининг тўлиқ таҳлили

«Сусамбил» муаллифи Нодир Нишонов бу гал томошабинларига Хитой фэнтези оламининг асосий қаҳрамонларидан бири — Сун Укун ҳақида ҳикоя қилди. Маълумот учун, 2024 йил 20 августда у ҳақида чиқарилган «Black Myth: Wukong» йилнинг энг яхши ўйинларидан бири бўлди.

Қурултой. Ўзбекистондаги кўҳна тоғ цивилизацияси

«Қурултой»нинг ноябрь ойида энг кўп кўрилган cонида тарих фанлари доктори, профессор Фарҳод Мақсудов меҳмон бўлди. Аввалроқ Фарҳод Мақсудовнинг чет эллик ҳамкасблари билан ўтказган тадқиқотлари натижаси нуфузли Nature журналида чоп этилган эди. Бу янгилик дунёнинг турли нуфузли ОАВларида ҳам ёритилди. Тадқиқот тафсилотлари ҳақида бевосита унинг муаллифидан билиб олиш учун «Қурултой» муаллифлари олимни кўрсатувга таклиф қилди.

Uzbekonomics. АҚШда 2024 йилги президентлик сайлови ва номзодларнинг иқтисодий дастурлари таҳлили

Uzbekonomics подкастининг ноябрь ойида эълон қилинган сонида иқтисодчи Ботир Қобилов ва Беҳзод Ҳошимов АҚШдаги 2024 йилги президентлик сайлови ҳақида суҳбатлашди. Эпизодда дастлаб АҚШда президентлик сайловлари қандай ўтиши ҳақида гаплашилди, жараёнда нималарга эътибор берилиши, қайси штатларда овоз бериш натижалари бошқаларникидан аҳамиятлироқ экани ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, суҳбат давомида номзодларнинг иқтисодий дастурлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.

ЭКГ стендап. 6-сон

«ЭКГ стендап» лойиҳасининг 6-сонида стендап-комиклар Аббос Серобов, Азимбек Хушмаматов, Мадина Зокиржонова, Азизжон Каримов, Иззатилла Чорихўжаев чиқиш қилди.

Cubic. Контент маркетинг нима?

YouTube’нинг ўзбек сегментида лойиҳалар кўпайгани сари, маълум мутахассисликлар бўйича ҳам тор доира учун мўлжалланган видеоконтент тайёрланмоқда. Асосан маркетологлар учун ёзиладиган «Cubic» подкасти ҳам ана шундай лойиҳалардан бири. Подкастнинг навбатдаги меҳмони «Жаноб маркетолог» номи билан танилган Садриддин Абдураҳимов бўлди. Суҳбат давомида бизнес, маркетолог ким экани, контент маркетинг орқали қилинган натижалар ҳамда халқаро бозордаги маркетинг ҳақида фикрлар айтилди.

Олмонистон. Қурилиш ва бюрократия

«Олмонистон» лойиҳасининг бу галги сонида Ренат Рузиев ва Ҳусан Мукимов Германияда архитектура ва қурилиш соҳасида таҳсил олиб, ҳозирда ўз фаолиятини юритиб келаётган ўзбекистонлик Шуҳрат Йўлдошев билан қурилиш ва бюрокртаия мавзуларида суҳбатлашди.

Тасвир. Ҳусниддин Атонинг бошқалардан афзал фазилати нимада?

Ўзбекча контент кўпайгани сари алоҳида мутахассисликлар бўйича ҳам лойиҳалар пайдо бўлаётгани таъкидланган эди. Ана шундай лойиҳалардан бири — бу фотограф Муҳиддин Алининг «Тасвир» подкасти. Подкастнинг ноябрь сонида кўплаб ёш фотожурналистлар устози ҳисобланган Ҳусниддин Ато меҳмон бўлди.

Сиз-чи, қайси лойиҳаларни кузатиб борасиз?

Кейинги сарҳисобда яна қайси лойиҳалар эътиборга олиниши керак деб ўйлайсиз? Бу ҳақда Telegram’даги ботимиз орқали бизга ёзинг: @GazetauzFeedbackBot.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *