Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ва Туркиянинг йирик қурилиш компанияларидан бири Kalyon Insaat меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни бошлади. Туркиядаги қурилиш лойиҳаларида 1410 нафар Ўзбекистон фуқаросини ишга жойлаштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 29 ноябрь куни ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Дастлабки 20 нафар Ўзбекистон фуқароси 1 декабрь куни Тошкентдан Истанбулга учиб кетди. Яна 40 нафар фуқаро 3 декабрда Самарқанддан ишга жўнайди. Дастлабки босқичда корхонада 60 ишчи, 2025 йилнинг январидан эса яна 1350 мутахассис иш бошлайди.

«Туркияда ишга қабул қилинаётган ўзбекистонликларнинг меҳнат фаолиятини мониторинг қиламиз ва келгуси йил январь ойида 1350 нафар мутахассисни Туркия бозорида иш билан таъминлаймиз», — деди компания вакили Акин Кирчичек.

Шартномага кўра, йўлкира, турар жой, уч маҳал иссиқ овқат, махсус кийим ва ҳимоя воситалари иш берувчи томонидан қопланади. Шунингдек, муносиб иш ҳақи ва меҳнат ҳуқуқлари кафолатланади.

Хабарда қайд этилишича, Kalyon Insaat 1974 йилдан буён Туркияда қурилиш, энергетика ва транспорт соҳаларида муваффақиятли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Унинг машҳур лойиҳалари орасида Истанбул аэропорти, Босфор бўғози остидаги Мармарай темирйўл туннели ва Карапинар қуёш электр станцияси бор.