• Сб. Янв 25th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

2025 йилда Ўзбекистонда иситиш ва иссиқ сув тарифларини икки марта ошириш режалаштирилган



Ўзбекистонда иситиш ва иссиқ сув таъминоти тарифлари 2025 йил давомида икки марта оширилиши мумкин. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Иссиқлик таъминоти тизимларидан фойдаланиш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Илҳом Тўраев 2 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Жорий йилда иситиш ва иссиқ сув тарифлари ҳудудларда бир марта, Тошкент шаҳрида эса икки марта (апрель ва ноябрь ойларида) оширилди. Унинг сўзларига кўра, келгуси йилдан бошлаб электр энергияси ва табиий газ нархларининг ошиши сабабли ҳудудларда ҳам улар икки марта индексация қилиниши мумкин.

«Тошкентда ноябрь ойида нархлар кўтарилган бўлса, энди баҳорда нархлар қайта кўриб чиқилиши кўзда тутилган… Биргина жорий йилда ҳудудларда нархлар бир марта ошган бўлса, келгуси йилда икки марта ошади. Гап [зарарларни] қоплаш учун давлат субсидияларига бориб тақалади, иссиқлик таъминотида давлат субсидияларининг улуши жуда катта. Шу муносабат билан биз тизимни янгилаш ва яхши шароит яратиш учун нархларни қайта кўриб чиқишимиз керак ва бунинг учун маблағ керак,» — деди Илҳом Тўраев.

«Бугунги кунда 2025 йилда [иситиш ва иссиқ сув учун] тарифлар 15 фоиздан икки марта ошиши прогноз қилинмоқда,» — дея қўшимча қилди у.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги вакили ҳам тўлов тизимини қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун Жанубий Корея ва қўшни давлатлар тажрибаси ўрганилди.

Масалан, Корея Республикасида уйларни минимал даражада иситиш учун абонент тўлови, у ерда одамлар яшашидан қатъи назар, ундирилади.

«Кўпчиликда шундай савол туғилади: агар мен уйда яшамасам, иситиш учун пул тўлашим керакми? Кореяда телефонингиздаги абонент тўловларига ўхшаш тизим яратилган. Уйда минимал иссиқликни сақлаш учун абонент тўлови олинади… Агар биз тўғри тариф сиёсатини юритсак, тарифларни ошириш керакми-йўқми, аниқ бўлади», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, пойтахт бюджети харажатларининг тўртдан бир қисми аҳоли учун пасайтирилган тарифлар қўлланилиши туфайли иссиқлик таъминоти корхоналарининг зарарларини қоплашга тўғри келади. 2024 йилда бунга 1,97 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган бўлиб, бу 2023 йил прогнозига нисбатан (1,6 трлн сўм) 22,8 фоизга кўпдир.

Аввалроқ Veolia Energy Tashkent компанияси иссиқ сув ва иситиш тарифларининг ошишини газ ва электр энергияси нархларининг ошиши билан асослаб берган эди. Корхона маълумотларига кўра, бугунги кунда аҳоли базавий тариф суммасининг 18 фоизини қопламоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *