Чақалоғини 15 минг долларга сотишга уринган 23 ёшли сурхондарёлик аёл 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати маълум қилди.
Жиноят тафсилотлари
- Аёл Термиз шаҳридан уй сотиб олиш мақсадида 2024 йилда туғилган қизини 15 минг АҚШ долларига сотиш учун харидор излаган.
- Харидор билан келишувга кўра, қизалоқни ресторанда топширган ва қайтариб олмаслиги ҳақида тилхат ёзиб берган.
- Харидор аёлнинг сўзларига кўра, жиноятчи 15 минг долларни «охирги нарх» деб белгилаган.
Суд ҳукми
Термиз шаҳар суди 23 ёшли аёлни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) билан айбдор деб топиб, уни 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Жазо умумий тартибли колонияда ўтилади.
Чақалоқ тақдири
Қизалоқ Сурхондарё вилояти Перинатал марказида сақланмоқда. Болага васийлик Жарқўрғон тумани инсон-ижтимоий хизматлари марказига юклатилган.