Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаров «Сукунат тўғрисида»ги қонунни имзолади, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

Ушбу қонун фуқароларнинг соғлиғини йўл қўйиладиган даражадан ортиқ бўлган товуш босими ва шовқиннинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш мақсадида қабул қилингани айтилади. Қонун аҳолининг тинчлиги ва дам олиш вақтини таъминлаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиши келтирилган.

Жумладан, тинчлик ва осойишталик бузилишидан муҳофаза қилиниши лозим бўлган объектлар (бинолар) ва ҳудудлар рўйхати ҳамда товуш босими ва шовқиннинг белгиланган даражаларидан ошиб кетишига йўл қўйилмайдиган вақт даврлари белгиланмоқда.

Бу вақт иш кунларида — соат 22:00 дан 07:00 гача; дам олиш ва байрам кунлари — соат 22:00 дан 09:00 гачадир.

Фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталигини бузувчи ҳаракатлар, жумладан, қуйидагилар тасниф этилмоқда:

  • товуш босими ва шовқиннинг йўл қўйиладиган даражаларидан, хусусан, транспорт воситаларига, савдо объектларига, кўнгилочар муассасаларга ҳамда умумий овқатланиш хоналарига ўрнатилган телевизорлар, радиоприёмниклар ва бошқа товуш чиқариш қурилмаларидан, шунингдек, товушни кучайтириш қурилмаларидан фойдаланиш;
  • мусиқа асбобларини чалиш, ҳуштак чалиш, қўшиқ айтиш, товуш босими ва шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан ортиқ товушлар билан биргаликдаги бошқа ҳаракатлар;
  • қоидабузарлар томонидан ишлаб турган қўриқлаш сигнализацияси, транспорт воситалари сигнализациясининг товуш сигналларини узиш бўйича ўз вақтида чоралар кўрилмагани, заруратсиз товуш сигналларидан фойдаланилгани ёки транспорт воситаси ёрдамида бошқа шовқин эффектининг ҳосил қилингани, бу эса дам олиш вақтида сукунат бузилишига олиб келгани;
  • пиротехника воситаларидан фойдаланиш;
  • таъмирлаш, тушириш-юклаш, йиғиш ва бошқа турдаги ишларни бажариш, одамларнинг дам олиш вақтида сокинлик бузилишига сабаб бўлган механик воситалар ва техник қурилмаларнинг таъсири;
  • белгиланган вақтда ҳимоя қилиниши лозим бўлган ҳудудлар ва хоналарда фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталиги бузилишига олиб келган бошқа ҳаракатлар.