Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон қандай қилиб газ экспорт қилувчи давлатдан ушбу ёқилғининг соф импортчисига айлангани ҳақида гапирди. Бу ҳақда у 5 декабрь куни Самарқандда бўлиб ўтган халқаро анжуманда фикр билдирди, деб эътибор берди Spot.
Унга кўра, асосий мақсад — ЯИМ ўсиши (йилига 5−6 фоиз), аҳоли ва унинг фаровонлиги, қурилиш ишлари ва янги лойиҳалар шароитида мамлакат тараққиётини энергия билан барқарор таъминлаш. Унинг фикрича, узоқ муддатда углерод нейтраллиги ва ноль чиқиндига эришиш учун энергия балансида атом энергияси ҳам бўлиши керак.
У Ўзбекистон бу мақсадга босқичма-босқич яқинлашаётганини таъкидлади. Энергетика вазирлиги раҳбари сўнгги йилларда энергетика соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, жумладан, давлат улушидаги корхоналар трансформацияси, электр энергияси ишлаб чиқариш, узатиш ва сотиш бўйича функциялар тақсимотини санаб ўтди. Бу хусусий инвесторларни жалб қилиш имконини берган.
«Бир рақамни қайд этмоқчиман. Мустақилликка эришилган 1991 йилдан 2016 йилгача бўлган 25 йил давомида биз тизимга атиги 2,2 ГВт янги қувватни киритдик. Бу вақтда Ўзбекистон иқтисодиёти ҳар йили қарийб 8 фоизга ўсаётган эди», — деди у.
Мирзамаҳмудов президент Шавкат Мирзиёевнинг биринчи устувор вазифаси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқаришнинг 85 фоизини таъминлайдиган газ тармоғини модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жалб қилиш эканини таъкидлади. 2017 йилдан буён Ўзбекистонда 12 ГВтга яқин қувват, жумладан, янги иссиқлик, қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилди.
Мамлакат 2030 йилгача қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 40 фоизга етказишни режалаштирмоқда.
«Дунё ўзгариб, жаҳон иқтисодиёти Осиё томон силжиши билан биз энергия ресурсларининг соф экспортёридан соф импортёрига айланиб қолдик. Шу нуқтаи назардан узоқ муддатли истиқболда биз атом энергиясини энергобаланснинг зарур қисми сифатида кўриб чиқяпмиз», — деди энергетика вазири.
Жўрабек Мирзамахмудов АЭС қуриш ва уни умумий энергия балансига қўшиш режаларга киритилганини таъкидлади. Бироқ Ўзбекистон бу лойиҳа қандай ва қачон амалга оширилишини МАГАТЭ ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда белгиламоқчи.
«Бизда ИЭС, ГЭС, қуёш ва шамол электр станцияларини бошқариш бўйича тажриба бор, аммо АЭС нафақат халқимиз, балки бутун дунё олдидаги масъулиятни талаб қилади. Биз биламизки, атом энергетикаси ҳамжамияти жуда бирлашган. Ҳар қандай давлатдаги ҳар қандай муаммо ҳаммага тегишли. Шунинг учун биз босқичма-босқич ёндашувга эгамиз, қадам-бақадам мутахассисларни ўрганамиз, синовдан ўтказамиз ва ўқитамиз, энг хавфсиз ва ишончли технологияларни танлаб, давом этамиз», — деб ишонтирди у.
2023 йилда Ўзбекистон экспорт қилганидан кўра кўпроқ газ импортини амалга оширди. Етказиб бериш орасидаги фарқ 165 млн доллардан ошди. «Dunyouzbeklari.Com» мамлакат ичида улкан газ захиралари бўлишига қарамай, бу ҳолат юзага келишига сабаб бўлган омилларни ўрганишга ҳаракат қилганди.