• Пн. Янв 13th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

10 декабрь куни эълон қилинган энг муҳим янгиликлар дайжести – Ўзбекистон янгиликлари – Dunyouzbeklari.Com


Алишер Муратов камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари бўлди

Алишер Муратов камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари этиб тайинланди. У бунгача Бизнесни ривожлантириш банки бошқаруви раиси биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.


дайжест

Газ заправкаларга киритилаётган чеклов сабаб биржага чиқариладиган бензин ҳажми икки карра оширилади

Энергетика вазирлиги газ заправкалар фаолиятига чеклов киритилгани сабабли биржа савдоларига чиқарилаётган кунлик автобензин ҳажми икки баробар оширилишини маълум қилди. Бунинг учун барча ҳудудларда зарур миқдорда захиралар яратилган.


дайжест

Ўзбекистон Покистон ва Таиланд билан ЖСТ бўйича музокараларни якунлади

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича Покистон ва Таиланд билан икки томонлама музокараларни якунлади. «Биз Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини интиқлик билан кутяпмиз ва бу аъзолик унга кўпроқ савдо ва инвестициялар олиб келишига ишонамиз», — деди Таиланд вакили.


дайжест

Махсус иқтисодий зоналар маъмурий кенгашлари тугатилади

«Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, МИЗ маъмурий кенгашлари тугатилиб, уларнинг вазифалари дирекциялар зиммасига юклатилади.


дайжест

Ўзбекистон ЕИга божсиз экспорт имтиёзларини 10 йилга узайтиришни таклиф қилди

Ўзбекистон ҳукумати Европа Иттифоқига GSP+ савдо имтиёзли режимини яна 10 йилга узайтиришни, шунингдек, божсиз экспорт қилинадиган товарлар рўйхатини кенгайтиришни таклиф қилди. Шунингдек, ўзбек маҳсулотларини Европа стандартларига мослаштириш масалалари ва бошқалар муҳокама қилинди.


дайжест

ЎзТМК 2030 йилга келиб вольфрам ишлаб чиқаришни 50 баробарга оширишни режалаштирмоқда

«Ўзбекистон технологик металлар комбинати» 2030 йилга келиб молибден ишлаб чиқаришни қиймат жиҳатидан 3,4 баробар, вольфрамни эса 50 баробарга кўпайтиришни режалаштирмоқда.


дайжест

2025 йилда Тошкент вилоятидаги камбағаллик даражасини 7,2 фоиздан 4 фоизга камайтириш режалаштирилмоқда

Президент келаси йилда Тошкент вилоятида 700 минг одамнинг бандлигини таъминлаш, 22 минг оилани даромадли қилиб, камбағаллик даражасини ҳозирги 7,2 фоиздан 4 фоизга камайтириш, шунингдек, меҳнат мигрантларини қайтариб, уларни ишга жойлаштириш бўйича топшириқлар берди.


дайжест

«Ундан фойдаланмаслик хиёнат ҳисобланади». Энергетика вазири — Ўзбекистондаги ГЭСлар салоҳияти ҳақида

Ўзбекистонда 2000 та кичик ГЭС қуриш учун истиқболли жойлар аниқланди. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов гидроэнергетика салоҳиятидан фойдаланмасликни хиёнат деб ҳисоблашини айтди. Президентнинг таъкидлашича, Угам дарёсида кичик ГЭС қурилишини ташкил қилганида, «ҳеч ким ишонмаган».


дайжест

Ўзбекистонда 10−15 декабрь кунлари об-ҳаво қандай бўлади? «Dunyouzbeklari.Com» шарҳи

Ҳафтанинг биринчи ярми жуда совуқ бўлиши, иккинчи ярмидан эса ҳарорат аста кўтарилиши, хусусан, жанубда шанба куни +15 даражагача илиқ бўлиши кутилади. Иш кунлари ёғинларсиз ўтади. Дам олиш кунлари эса, навбатдаги нам ҳаво оқимлари кириб келиши билан, айрим жойларда ёғингарчилик кузатилиши мумкин.


дайжест

Ҳафта давомида ҳарорат аста-секин кўтарилади

Ўзбекистонда ҳафта давомида ҳарорат аста-секин кўтарилиб боради: кундуз кунлари 0…+12, кечалари −8…+5 даража атрофида бўлади. Ёғингарчилик кутилмайди. Фақат 13−14 декабрь кунлари айрим жойларда ёмғир ёғиши мумкин. Якшанбадан яна совуқ ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда.


дайжест

Қибрайдаги супермаркет ва ош марказида содир бўлган ёнғин ўчирилди

10 декабрда Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Havas супермаркети ва унга туташ бўлган ош марказида катта ёнғин чиқди. Воқеа жойига 16 та экипаж жалб қилинган, ёнғин 40 дақиқа давомида ўчирилган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва вафот этганлар йўқ. Видео.


дайжест

Суриядаги вазиятни ёритаётган ўзбекистонлик шахсга қидирув эълон қилинди, у — террористик ташкилот аъзоси

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Суриядаги вазият ҳақида видеолар эълон қилиб бораётган, халқаро террорчилик ташкилотига аъзо Худоёр Нуриддиновга нисбатан жиноий иш қўзғатиб, қидирув эълон қилди.


дайжест

Uzbekistan Airways Янги йил арафасида талабалар учун чегирма эълон қилди

Uzbekistan Airways давлат муассасасида таҳсил олувчи талабалар учун барча маҳаллий авиақатновларнинг эконом-класс авиачипталари тарифларига 50 фоизгача чегирма эълон қилди.


дайжест

UzAuto Motors 11 декабрда Cobalt учун контрактация очади

UzAuto Motors 11 декабрь куни соат 10:00 да Chevrolet Cobalt автомобили учун контрактацияни очади. Компания аввал тузилган шартномалар бўйича тўлови вақтида амалга оширилмаган ҳажмларни қайта контрактацияга қўяди.


дайжест

Талабаларга поезд чипталари учун ҳам 50 фоизлик чегирма берилди

«Ўзбекистон темир йўллари» талабаларга 23 декабрь-10 январь оралиғидаги маҳаллий қатновлар чипталари учун 50 фоизлик чегирма эълон қилди. SV/VIP классдаги вагонлар ва «Афросиёб» электропоездлари бундан мустасно. Аввалроқ UzAirways ҳам талабаларга чегирма тақдим этганди.


дайжест

Ўзбекистон ички бозорда 300 минг тоннагача мисни қайта ишлаш ниятида

Ўзбекистон ички бозорда йилига 300 минг тоннагача мисни қайта ишлашни режалаштирмоқда. Хусусан, Оҳангарон мис кластерида ОКМК миси асосида яримўтказгичлар ва микроэлектрон қисмлар ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.


дайжест

Исроил Суриядаги 250 дан ортиқ ҳарбий объектга ҳужум қилди

Исроил Суриядаги энг муҳим 250 дан ортиқ ҳарбий объектга, жумладан, Россия базалари жойлашган Латакияга ҳаво ҳужумларни уюштирди. Аввароқ Исроил ҳарбийлари 50 йил ичида биринчи марта Сурия ҳудудига кирганди.


дайжест

Жанубий Корея парламенти президентга нисбатан тергов бўйича махсус прокурор тайинланишини маъқуллади

Жанубий Корея парламенти президент Юн Сок Ёлга қарши айбловларни тергов қилиш учун махсус прокурор тайинлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Шунингдек, президент давлатга хиёнат ва ўз ваколатини суиистеъмол қилиш иши бўйича гумон қилинмоқда ва мамлакатни тарк этиши тақиқланган.


дайжест

Сурия муваққат ҳукуматига Муҳаммад ал-Башир раҳбар бўлди

Суриянинг ўтиш даври ҳукуматига Муҳаммад ал-Башир раҳбар бўлди. У 2025 йил 1 мартгача бош вазир вазифасини бажаради. У аввал Сурия мухолифати томонидан тузилган муқобил Нажот ҳукуматини бошқарган.


дайжест

Туғилиш даражасини ошириш учун Токиода 4 кунлик иш ҳафтаси жорий этилади

Япония пойтахти Токиода 2025 йил апрелдан ишчи оналарга ёрдам кўрсатиш ва туғилиш даражасини ошириш учун 4 кунлик иш ҳафтаси жорий қилинади. 2023 йилда 727,2 мингта туғилиш қайд этилган бўлиб, бир аёлга тўғри келадиган бола сони 1,2 тагача пасайиб кетган.


дайжест

Россия Давлат думаси мигрантларнинг рус тилини билмайдиган болаларини мактабга олишни тақиқлашни қўллаб-қувватлади

Россия Давлат думаси мигрантларнинг рус тилини билмайдиган фарзандларини мактабга қабул қилишни тақиқловчи қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Ҳужжат узил-кесил тасдиқланса, чет элликларнинг фарзандлари ўқишга қабул қилиниши учун тест синовларидан муваффақиятли ўтишлари керак бўлади.


Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *