• Пн. Янв 13th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон ёшлари Германия тажрибаси асосида касбга ўқитилади ва ишга жойлаштирилади



Ўзбекистон ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларни муносиб ҳақ тўланадиган иш билан таъминлашда Германия тажрибасидан фойдаланади. Бу ҳақда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов 7 декабрь куни президент йиғилиши якунлари бўйича «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Унга кўра, давлат раҳбари Германия тажрибасини ўрганиш ва шу асосда техникумлар йўналишларини қайта кўриб чиқиш ва уларни дуал таълим тизимига (кадрлар тайёрлашнинг назарий қисми таълим ташкилоти негизида, амалий қисм эса иш жойида олиб бориладиган ўқув турига) ўтказиш вазифасини қўйди.

Гап Ausbildung дуал таълим дастури ҳақида кетмоқда, унда ўқувчилар касб-ҳунар мактабида таҳсил олади ва шу билан бирга корхонада ҳам ишлайди.

«Ausbildung тизими уч кун ишлаб чиқариш ва икки кун назарий билимни олишни ўз ичига олади. Ҳозирги кунда Германияда 50 фоиз ўрта бўғин соҳасидаги касбга эга бўлаётган ёшлар Ausbildung тизими орқали ўзининг малакасини шакллантиради. Ўзбекистонда ҳам шу тизим бўйича ҳозир ҳамкорлик қилиш бўйича президентимиздан топшириқ олдик», — деди Олий таълим вазирлиги раҳбари.

Конгратбай Шарипов Бандлик камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда дуал таълим ва ишлаб чиқариш корхоналарига эга техникумларни ўз ичига олган электрон Ausbildung платформасини яратиш режалаштирилаётганини таъкидлади. Талабалар техникум ва иш берувчи билан ушбу корхонада ишга жойлашишни назарда тутувчи уч томонлама шартнома тузади.

«Ҳурматли президентимиз томонидан яна бир муҳим топшириқ берилди. Германияда Ausbildung тизими асосида таълим оладиган ёшларимиз бир йил Ўзбекистонда таълим олишади ва қолган икки йилда Германияда таълим олишади. Германияда таълим олиш жараёнида улар бир пайтнинг ўзида ҳам ўқийди, уч кун ўзи белгиланган корхонада иш фаолиятини давом эттиради», — деди у.

Йиғилишда дуал таълим тизимини ривожлантириш бўйича техникумлар ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликнинг ижобий тажрибаси қайд этилди. Хусусан, Асака транспорт ва машинасозлик техникуми, Бухоро энергетика, нефть ва газ техникуми, Ширин энергетика техникуми, шунингдек, Ғузор ва Шаҳрисабздаги техникумларда маҳаллий ва хорижий корхоналар билан ҳамкорликда замонавий мутахассислар тайёрланмоқда.

Президент мазкур жараёнда иштирок этаётган хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, улар учун дуал таълимни кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини белгилаб берди.

Германия билан биргаликда 14 та техникумда талаб юқори бўлган касблар ва немис тилини ўқитиш ташкил этилди. Ҳокимлар ва соҳа раҳбарларига ҳар бир ҳудуддаги камида бешта техникумда шундай тажрибани жорий этиш топширилди.

Ausbildung дастури ва миграция шартномаси ҳақида

Ausbildung дастури — Германия Меҳнат вазирлиги томонидан назарий ва амалий билимларни ўзида мужассам этган ҳолда муайян касб-ҳунарни чуқур ўргатиш мақсадида ташкил этилган дастур

Дастур Германия фуқаролари ва чет элликлар учун мўлжалланган. Ausbildung доирасида дастурлаш, электротехника, туризм, чакана савдо, ресторан бизнеси, соғлиқни сақлаш, саноат ва бошқа 300 дан ортиқ касблардан бирини танлаш мумкин.

Баъзи немис университетлари ушбу дастур бўйича ўқитишни таклиф қилади, бу бакалавр даражасини ҳам, тугалланган касбий таълимни ҳам олиш имконини беради.

Бандлик вазирлиги аллақачон Ausbildung дастури орқали Ўзбекистон фуқароларини ишга жойлаштириш билан шуғулланмоқда. Август ойида 13 нафар Ўзбекистон фуқароси Германияга ишлаш учун кетган.

Сентябрда Ўзбекистон ва Германия ўртасида Ўзбекистон фуқароларини немис компанияларида ишга жойлаштиришни соддалаштиришга қаратилган қатор шартномалар имзоланган эди. Бундан ташқари, Тошкентда ҳамшираларни тайёрлаш учун Германия тиббиёт академияси очилади ва Deutsche Bahn компанияси иштирокида транспорт ходимлари учун тренинглар ташкил этилади.

Германия канцлери Олаф Шольцнинг Самарқандга ташрифи доирасида 10 га яқин икки томонлама ҳужжатлар имзоланганди. Уларнинг орасида миграция ва мобиллик соҳасида кенг қамровли ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ҳам бор.

Бандлик вазирлигининг собиқ раҳбари Беҳзод Мусаев ушбу келишувни шарҳлар экан, жорий йилда 800 нафар ўзбекистонлик ҳамшира Германияга юборилишини, улар камида 2200 евро маош олишини таъкидлаганди.

Сентябрь охирида Ўзбекистондаги барча коллеж ва касб-ҳунар мактаблари техникумларга айлантирилиши, биноларнинг бир қисми мактаблар учун берилиши режалаштирилаётгани маълум бўлганди. Техникумлар қисман академик мустақилликка эга бўлади ва пуллик хизматлар кўрсата олади. Улардан 14 тасида Британиянинг BTEC дастури жорий этилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *