Қозоғистонда Олмаота–Нукус йўналиши бўйича ҳаракатланаётган автобус бузилиб қолиши оқибатида 41 йўловчи қутқарувчилар томонидан эвакуация қилинди.
Қозоғистоннинг Жамбил вилоят Фавқулодда вазиятлар департаментининг хабар беришича, 9 декабрь куни соат 23:45 да Олмаота–Тошкент автомобиль йўлидаги 592-километрида Yutong русумли йўловчи автобуси техник носозлик туфайли ҳаракатдан тўхтаган.
Автобусда 34 нафар Ўзбекистон ва 7 нафар Қозоғистон фуқароси бўлган. Улар орасида икки нафар болалар ҳам бор эди.
Тафсилотлар:
- Қутқарув амалиётида 7 нафар шахсий таркиб ва 2 та транспорт воситаси иштирок этди.
- Йўловчилар Шакпак ота қишлоғидаги болалар санъат мактабига олиб борилди.
- 88 ёшли Ўзбекистон фуқароси тез ёрдам кўригидан ўтказилди, лекин тиббий ёрдам талаб қилинмади.
10 декабрь куни соат 07:00 да йўловчиларни манзилга етказиш учун Олмаотадан янги автобус юборилди ва барча йўловчилар сафарини давом эттирди.
Ҳодиса оқибатида жабрланганлар қайд этилмади.