• Пн. Янв 13th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Можароли ҳудудлардан қайтганларни реинтеграциялаш тажрибасини бошқа минтақаларда ҳам жорий этиш таклиф этилмоқда



Қуролли можароли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича минтақавий экспертлар кенгаши халқаро саъй-ҳаракатларни сафарбар қилиш маркази бўлиб, бу борада илғор амалиёт ва услубларга намуна бўла олишини тасдиқлайди. Бу ҳақда 10 декабрь куни БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида ўтказилган юқори даражали брифингда БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков таъкидлади, дея хабар бермоқда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти матбуот хизмати.

Кенгаш 2024 йилда Ўзбекистон президенти ташаббуси билан БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси шафелигида ташкил этилган. Унга Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари экспертлари ва мутахассисларини жалб этилган. Кенгашнинг платформасида реинтеграция қилинган шахсларнинг нормал ва тўлақонли ҳаётга муваффақиятли интеграциялашувини таъминлайдиган билимлар, усуллар ва дастурлар жамланади.

Халқаро мажбуриятларни бажариш доирасида Ўзбекистон биринчилардан бўлиб ўз фуқароларини қуролли можароли ҳудудлардан репатриация қилган. Хусусан, 2019 йилдан бери 530 дан ортиқ ўзбекистонлик, асосан аёллар ва болалар, ватанга қайтарилган. Уларга тиббий, ижтимоий ва руҳий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, касб-ҳунарга ўқитиш ва ишга жойлаштириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилган. Бу даврда Марказий Осиёнинг барча давлатлари 2200 га яқин фуқаросини ватанига қайтарган.

«Бу мавзу Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари учун жуда долзарб. Оғир вазиятга тушиб қолган фуқароларни инсон ҳуқуқлари ва инсоний ёндашув нуқтаи назаридан оддий ҳаётга қайтариш давлатнинг муҳим вазифаларидан биридир. Президент Шавкат Мирзиёев суҳбатларимизнинг бирида айнан шундай деган эди, бу масала унинг устувор вазифалари қаторига кириши тўғрисида таъкидлаган эди», — деди Владимир Воронков.

БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каҳа Имнадзе Марказий Осиё мамлакатлари тажрибаси бошқа давлатлар учун намуна бўла олишини қайд этди. «Минтақавий экспертлар кенгаши дунёнинг бошқа қисмларида ҳам такрорланиши мумкин бўлган ноёб ташаббусдир. Мен Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз, БМТ ва минтақавий ташкилотларни энг яхши ечимларни топиш учун ушбу платформадан фойдаланишда давом этишга чақираман», — дея қўшимча қилди у.

«Ўзбекистон бошиданоқ қайтарилган болаларга „ҳимоя остидаги, жамиятга қайтариладиган миллат болалари“ деб муносабатда бўлган позицияни эгаллаган», — деди БМТнинг Терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича собиқ махсус маърузачиси, профессор Фионнуала Ни Аолаин. Унинг сўзларига кўра, бу муваффақият калити бўлди.

«Репатриация қилинган болалар зўравонлик қурбони бўлиб, уларнинг асосий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш учун барча зарур ёрдам кўрсатилиши керак… ЮНИСЕФ Ўзбекистонга қайтарилган болаларнинг узоқ муддатли реабилитацияси ва жамиятга қайта интеграциясида, жумладан, ижтимоий-психологик тикланиши, таълим ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш соҳаларида кўмак беришни давом эттиришга содиқдир», — деди ЮНИСEФнинг қуролли низоларда болаларни ҳимоя қилиш бўйича мутахассиси Кетрин Кокко.

«Ўзбекистон томонидан репатриантларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, жумладан, Яқин Шарқдаги қуролли тўқнашувлар зоналарида чидаб бўлмас шароитда яшаб, оғир руҳий жароҳат олган аёллар ва болаларга яратилган шарт-шароитлар ва ҳар томонлама ёрдам кўрсатилаётганидан мамнунмиз», — деди Халқаро Қизил хоч қўмитасининг БМТдаги доимий кузатувчиси Летиция Куртуа. У репатриантларга зарур эътибор ва ёрдам кўрсатишни давом эттиришга чақирар экан, уларнинг қайтиши «бошқалар учун ноёб ва муваффақиятли намуна» бўлиши лозимлигини таъкидлади.

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Девид Жонсон «Ўзбекистон бу ишни, айниқса, жанговор ҳудудларга тушиб қолишга мутлақо алоқаси бўлмаган болалар ва аёллар билан боғлиқ ҳолда амалга ошираётганини» жуда муҳим деб атади. «АҚШ Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг қолган давлатларини ўз фуқароларини репатриация қилиш ва жамиятга қайта интеграция қилиш борасидаги фаолиятида қўллаб-қувватлашга тайёр», — дея қўшимча қилди у.

Брифингда келаси йили кенгаш раислиги Ўзбекистондан Қозоғистонга ўтиши маълум қилинди.

Жаҳон ҳамжамиятини Минтақавий экспертлар кенгаши фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида 2025 йил июнь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган Терроризмга қарши кураш бўйича юқори даражадаги ҳафталик доирасида бу борада алоҳида тадбир ўтказиш режалаштирилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *