Вазирлар Маҳкамасида 6 декабрь куни «Давлат театрлари, театр студиялари, цирк ва концерт-томоша муассасаларининг артист ходимларига малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор қабул қилинди.
Ҳужжат президентнинг 21 февралдаги фармони ижросини таъминлаш ҳамда давлат театрлари, театр-студиялари, цирк ва концерт-томоша муассасаларининг артист ходимларига малака тоифаларини бериш тартибини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қарор билан президент фармони асосида тасдиқланган 2024 йилда йўналишлар кесимида ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхатида давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларида фаолият юритаётган ходимларнинг фаолиятини тартибга солиш ҳамда қўшимча рағбатлантириш назарда тутилгани маълумот учун қабул қилинди.
Низом қуйидагиларни белгилайди:
- театр, цирк ва концерт-томоша муассасаларида малака тоифалари билан лавозимларни бериш тартиби;
- малака тоифаларини бериш мезонлари, тартиби ва муддатлари;
- тоифани пасайтириш ёки бекор қилиш асослари;
- малака тоифаларини бериш билан боғлиқ шикоятларни кўриб чиқиш тартиби.
Малака тоифаси йилда бир марта белгиланади ва бадиий кенгаш хулосаси асосида муассаса директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Малака бериш қуйидаги баҳолаш мезонларига асосланади:
- ижодий қобилиятлар;
- иш стажи;
- турли концертлар ва спектаклларда иштирок этиш сифати ва сони;
- жамоат ишлари ҳамда маънавий-маърифий ва ижодий йиғилишлардаги фаоллик.
Театр, цирк ва концерт-томоша муассасаларининг артист ходимларига малака тоифаларини бериш мезонларида қайд этилган соҳа бўйича маълумот талаби Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг фахрий унвонларига эга ходимларга нисбатан татбиқ этилмайди.