Расман ажрашган ва ҳозирда судлашиб келаётган Голливуднинг собиқ жуфтлиги Анжелина Жоли ва Бред Питтга 60 миллион доллар эвазига бирга суратга тушиш таклифи берилди. Бундай ғояни режиссёр ва продюсер Дэнни Росснер илгари сурди.
Бир вақтлар энг машҳур ва ҳавас қилгулик бўлган юлдузли жуфтлик саккиз йил аввал ажрашишга қарор қилган ва бугунги кунгача муносабатларини яхшилай олмаган.
Дэнни Росснер янги фильмини ўз карьерасидаги энг муҳим лойиҳа деб атаган ва сценарийни аллақачон тайёрлаб қўйган. Бироқ Жоли ва Питт қанчалик катта гонорар берилмасин, битта лойиҳада яна бир бор жуфтлик ролини ижро этишга рози бўлиш эҳтимоли жуда паст. Шунга қарамай, режиссёр томонлар билан келишувга эришишга катта ишонч билдирмоқда.
Дэнни Росснер таклиф этаётган янги фильмда Питт ва Жоли ошиқларни — Канн меҳмонхонаси эгаси Эммануэл Мартинес ва унинг қаллиғи Эмма Дигард ролини ижро этиши мумкин. Фильм сценарийси реал воқеаларга асосланган бўлиб, ундаги ҳикоялар Иккинчи жаҳон уруши даврида содир бўлган.
Режиссёр актёрлар билан музокарага эришган тақдирда, гонорарни улар ўртасида тенг тақсимлаш ниятида эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Питт маошнинг тахминан учдан икки қисмини олишга лойиқ.
Аввалроқ 2005 йилда Бред Питт ва Анжелина Жоли “Жаноб Смит ва Смит хоним” фильмида бирга иштирок этган, айнан шу лойиҳадан сўнг уларнинг муносабатлари бошланган. Шунингдек, улар Жоли режиссёрлигидаги “Мовий қирғоқ” драмасида ҳам бош ролларни ижро этган. Фильм 2015 йилда эр-хотиннинг ажрашишидан бир оз аввал экран юзини кўрган.