• Пн. Янв 13th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

2025 йилда ота-оналардан дарсликлар ижараси учун тўлов ундирилмайди



Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилда мактабларда ўқувчилар учун дарсликлар ижараси пуллик бўлиши масаласи юзасидан муносабат билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 2025−2027 йилларга мўлжалланган учун бюджетнома лойиҳасида 2025−2026-ўқув йилидан 2−11-синфларда бир тўплам дарслик ва машқ дафтарлари учун ижара тўлови қайта жорий этиш юзасидан таклиф берилганди.

Вазирликнинг қайд этишича, 2025 йил учун Давлат бюджети доирасида кўзда тутилган маблағлар янги ўқув йилида ўқувчиларни дарсликлар ва машқ дафтарлари билан таъминлаш бўйича эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконини беради. Бунда ота-оналардан дарсликлар ва машқ дафтарлари ижараси учун қўшимча тўлов ундириш режалаштирилмаган.

Вазирлик берган маълумотларга кўра, 2024 йилда мактаб ўқувчилари учун 83,2 млн нусха дарслик ва машқ дафтарларини етказиб бериш учун Давлат бюджетидан жами 1,5 трлн сўм ажратилган. Ушбу маблағлардан 435,5 млрд сўми (ёки 36 фоизи) даврийлиги 1 йил ҳисобланадиган ҳамда ҳар йили янгидан чоп этиладиган машқ дафтарлари учун йўналтирилган. 2025 йилда эса 81 млн нусха дарсликлар ва машқ дафтарлари учун жами 1,3 трлн сўм маблағларни тўлиқ Давлат бюджетидан қоплаш кўзда тутилган.

«Бюджет жараёнларини шакллантиришда вазирлик томонидан, биринчи навбатда, иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатлари ҳамда иқтисодий ва ижтимоий соҳанинг молиявий мутаносиблигини таъминлашда давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини тўлиқ ҳамда ўз вақтида бажаришга устувор эътибор қаратилади. Бунда самарадорликни ошириш мақсадида турли йўналишлар бўйича таҳлиллар ўтказилади», — дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, дарсликлар ижараси учун тўловни тиклаш таклифи «мактабларни дарсликлар билан таъминлашда ота-оналарнинг фаоллигини ошириш»га қаратилгани айтилганди. Бюджетнома лойиҳасида қайд этилишича, 2024 йилда бир ўқувчи учун битта дарслик ва иш дафтарларининг ўртача нархи 450−500 минг сўмни (шундан машқ дафтарлари — 100−150 минг сўм) ташкил этган.

Ҳужжатни ишлаб чиққанлар битта дарслик тўплами учун 80 минг сўм, яъни унинг нархининг 16−18 фоизини ташкил этадиган миқдорда тўлов жорий этишни таклиф қилганди. Йиғилган 376,6 млрд сўм маблағ ҳар йили ўқувчиларни машқ дафтарлари билан таъминлаш харажатларининг бир қисмини қоплашга йўналтирилиши айтилганди.

«Дарсликлар ва машқ дафтарларининг тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан чоп этилиши ота-оналар масъулияти пасайиб кетиши ва дарсликларга нисбатан эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳолатларини келтириб чиқармоқда», — дейилган бюджетнома лойиҳасида.

Бюджетнома лойиҳасига бу таклиф киритилганини 29 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Темуржон Комилов маълум қилганди.

«Бу бюджетномадаги таклиф, бу норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки бошқа нарса эмас. 2-синфдан 11-синфгача бўлган контингент учун бир тўпламга синфидан қатъи назар бир марталик белгиланган 80 минг сўм ижара тўловини киритиш бюджетномада таклиф сифатида кетган. Бу бюджетга юкламани тахминан 376 млрд сўмга камайтиришга олиб келиши мумкин», — деганди у.

«Бу таклиф даражасида турибди. Бу 1-синфдан ва ижтимоий ҳимоя реестрига кирган оилалардан ташқари. Бу ҳали жорий этилди, қабул қилинди дегани эмас», — дея қўшимча қилган вазир ўринбосари.

Ўшанда Темуржон Комилов бу таклиф Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилганини таъкидлаганди.

«Бу биз билан келишилган. Хабаримиз бор. Бунинг тагида асослари бўлади. Лекин ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳам жамоатчилик муҳокамасига чиқарилади, вазирлик ва идоралар билан келишилади. Ўша вақтда ҳамма асослантиришлари, ижобий ва салбий томонлари кўриб чиқилади. Бу ҳозир таклиф даражасидаги позиция», — деганди у.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда битта дарслик (машқ дафтарлари) учун ўртача бир марталик ижара ҳақи кескин 5707 сўмга (синфга қараб ҳар тўплам учун 68,5 минг сўмдан 119,8 минг сўмгача) ёки ўтган ўқув йилига нисбатан (2740 сўм) 2,1 баробарга кескин оширилганди. Шундан сўнг Халқ таълими вазирлиги нарх жаҳон бозорида қоғоз нархининг ошиши ва мамлакатга қоғоз етказиб бериш учун транспорт харажатлари туфайли қимматлашганини қайд этганди.

Мактаб дарсликлари ва машқ дафтарлари учун ижара ҳақи кескин оширилганига жамоатчилик эътирозлари кузатилаётган бир пайтда президент Шавкат Мирзиёев «бепул ижарани ташкил этиш бўйича шошилинч чоралар кўриш»га кўрсатма берганди. Шундан сўнг дарсликлар ижараси учун тўлов бекор қилинганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *