Марказий банк ўтказган сўров натижаларига кўра, ноябрда аҳоли томонидан сезилган (шахсий) инфляция даражаси октябрь ойига нисбатан 0,9 фоизга ошиб, 14,1 фоизни ташкил этди.
Бу кўрсаткич сўнгги 15 ойдаги энг юқориси ҳисобланади (2023 йил августида 14,5 фоиз бўлган). Айни вақтда, ўтган ойда расмий инфляция даражаси 0,93 фоизни ташкил этди — бу сўнгги 13 йилда ноябрь ойида қайд этилган энг паст кўрсаткич. Йиллик ҳисобда инфляция 10 фоизгача секинлашди.
Регулятор хабарида октябрь-ноябрь ойларида қайси товар ва хизматлар энг кўп қимматлашгани бўйича саволга респондентларнинг жавоблари келтирилган.
Кузнинг сўнгги ойида гўшт ва сут нархи кескин ошганини қайд этган респондентларнинг улуши юқори даражада сақланиб қолди — 47 фоиз (октябрда бу кўрсаткич 51 фоиз эди). Шу билан бирга, бензин ва ёқилғи (пропан, метан) нархларининг ошганини қайд этган респондентларнинг улуши 37 фоиздан 42 фоизгача, шунингдек, электр энергияси ва газ нархи ошганини кўрсатганлар улуши эса 35 фоиздан 39 фоизгача ошган.
Аҳоли ўсимлик ёғи нархи ошганини ҳам кўрсатган, бундай фикрдаги респондентлар улуши 29 фоизни ташкил этди (ўтган ойда 24 фоиз эди). Кейинги ўринларда дори-дармонлар (28 фоиз, ўтган ойда ҳам 28 фоиз эди), сабзавот ва мевалар (24 фоиз, 20 фоиз эди), тухум (15 фоиз, 11 фоиз эди) қайд этилган.
Октябрь ойига нисбатан қурилиш материаллари (18 фоиз), кафе ва ресторан хизматлари (16 фоиз), гуруч (13 фоиз) ва таълим хизматлари (13 фоиз) нархлари ошганини қайд этганлар улуши камайган.
Ҳудудлар бўйича Тошкент шаҳрида юқори сезилган инфляция даражаси сақланиб қолмоқда — ўртача 18 фоиз (октабрь ойида ҳам 18 фоиз эди). Кейинги ўринларда Тошкент вилояти (16,1 фоиз), Сирдарё (15,3 фоиз), Қашқадарё (14,8 фоиз), Наманган (14,7 фоиз) қайд этилган.
Аҳоли гуруҳлари орасида инфляциянинг юқори сезилган даражасини пенсионерлар қайд этган, улар 16 фоизлик инфляцияни сезганини белгилаган. Таълим соҳаси вакиллари ҳам нархлар нисбатан тезроқ ўсганини қайд этган — 15,3 фоиз).
Даромадлари 15 млн сўмдан ортиқ бўлган шахслар учун сезилган инфляция даражаси 13,8 фоиздан 17,8 фоизгача, 10−15 млн сўм оралиғида бўлганлар учун 13,5 фоиздан 16 фоизгача, 7−10 млн сўм бўлганлар учун 14,1 фоиздан 15,2 фоизгача кўтарилган. Даромадлари 4 млн сўмдан кам бўлган респондентлар октябрь ойига нисбатан пастроқ даражадаги инфляцияни сезган.
Маълумот ўрнида, инфляциянинг расмий эълон қилинадиган даражаси аксарият уй хўжаликларининг талаблари асосида шакллантириладиган бўлиб, ўзида ИНИ (истеъмол савати)даги барча товар ва хизматларнинг умумий нарх даражасининг ўзгаришини акс эттиради. Шахсий (сезилган) инфляция бир шахс ёки оиланинг кундалик ҳаётида истеъмол қилинадиган товар ва хизматлар нархларининг ўзгариши асосида шаклланади.
Агар мунтазам равишда сотиб оладиган товарнинг нархи ошиб кетса, унинг нархи кундалик ҳаётда камдан-кам сотиб оладиган товарнинг нархидан кўра кўпроқ ўсгандек туюлади. Мунтазам равишда сотиб олинадиган товар учун тўлов бюджетнинг кичик бир қисми бўлишига қарамай (ушбу товар жуда қиммат бўлмаса ҳам), барибир у инсонда нархлар сезиларли даражада ошгандек таассурот уйғотади.