Марказий банк ҳозирги кунда мамлакат ҳудудида эски намунадаги 100 АҚШ доллари номиналидаги (2009 йилгача эмиссия қилинган) банкнотларни банклар томонидан сотиш ва сотиб олиш билан боғлиқ амалиётлар ҳеч қандай муаммоларсиз амалга оширилаётганлигини маълум қилди.
Хабар қилинишича, бирорта давлат ҳисоб-китобларида эски намунадаги 100 АҚШ доллари номиналидаги банкнотларнинг қонуний тўлов воситаси сифатидаги мақоми ўзгармаган.
Марказий банк аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликка чақириб, фақат расмий манбаларга таянишни тавсия этмоқда.
“Шунингдек, агар тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчалари томонидан эски намунадаги 100 АҚШ доллари номиналидаги банкнотларни қабул қилишда қийинчиликларга дуч келсангиз, Марказий банкнинг “Ишонч телефони” (71 200-00-44) ёки ҳудудий бошқармаларга мурожаат этишингиз мумкин.
”Ўз навбатда, Марказий банк бу борада вазиятни доимий равишда кузатиб боришини маълум қилади», дейилади хабарда.
Марказий банк “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, мамлакат ҳудудида резидентлар ва норезидентлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш фақат маҳаллий банклар орқали амалга оширилиши эслатиб ўтди.