Шавкат Мирзиёев 12 декабрь куни уй-жой қурилишида аҳоли маблағларини кафолатлаш тизимига оид тақдимот билан танишди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Унда келтирилишича, 2024 йилда 100 минг хонадонли кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилиб, келаси йили 120 мингта янги уй қурилиши режалаштирилган.
Президент «талаб кўплигидан фойдаланиб, бу соҳада инсофсиз бизнес қилаётганлар ҳам бор»лигини таъкидлади. Бунга тўлов тизими тартибга солинмагани, рақамлаштириш ва очиқ-ошкоралик йўқлиги сабаб бўлмоқда.
«Янги уйларни олмоқчи бўлган одамлар пулини банк орқали эмас, тўғридан-тўғри қурувчига бераётгани учун бу маблағлар «соя»да қоляпти. Кўп ҳолларда уйларни топшириш муддати кечикиб, аҳоли тўлаган пуллар «музлаб» турибди. Улушдорлик шартномалари ҳеч қаерда рўйхатга олинмай, фақат қурувчининг манфаатига хизмат қилаяпти», — дейилади хабарда.
Шу боис давлат раҳбари 23 сентябрь куни қурилиш индустрияси бўйича ўтган йиғилишда уй-жой сотиб олишда аҳоли маблағларини кафолатлайдиган тизим яратиш топшириғини берган эди. Хусусан, президент банклар уй-жойни ўз вақтида ва сифатли қуриш ҳамда уни эгасига етказиб беришни кафолатлаб, қурувчи ва харидор ўртасида кафил бўлиб хизмат қиладиган эскроу ҳисоби жорий этилишини маълум қилганди. Янги тизим Самарқанд шаҳри, Янгиҳаёт ва Сергели туманларида бир йил давомида тажрибадан ўтказилиши белгиланган.
Тақдимотда қайд этилишича, хорижий давлатларда эскроу («еscrow») тизими тажрибадан ўтган. Унга кўра, буюртмачи ва тижорат банки ўртасида тузиладиган шартномага асосан, ҳар бир қурилиш иншооти бўйича эскроу ҳисобварағи очилади. Кўчмас мулк учун келишилган маблағлар ушбу ҳисобварақ орқали амалга оширилади. Унда йиғиладиган маблағлар асосида тижорат банклари буюртмачига пасайтирилган фоизда кредит тақдим этади.
Қурилиш битгач, харидорнинг ҳисобварағидаги пул девелопер ташкилотга ўтказилади. Қурувчи ўз мажбуриятини бажармаган тақдирда, бу пул эгасига қайтариб берилади. Ушбу ҳисобварағда турган маблағларга ундирув қаратилмайди.
Президент таклифларни маъқуллаб, бу борада ҳуқуқий асос яратиш, мазкур тизимни қурилишга алоқадор вазирлик ва идораларда интеграция қилиш бўйича кўрсатмалар берди.