• Сб. Янв 25th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Пойабзал саноати ривожланган ҳудудларда бизнес техникумларга боғланади ва дуал таълим йўлга қўйилади


Шавкат Мирзиёев 12 декабрь куни тўқимачилик ва чарм саноатидаги ислоҳотлар натижадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Таъкидланишича, бу тармоқлар аҳоли бандлиги ва экспортда катта ўринга эга бўлиб, уларда 430 минг фуқаро иш билан таъминланган. Енгил саноатнинг жами ишлаб чиқаришдаги улуши 14 фоизни, экспортда 16 фоизни ташкил қилади.

Лекин бугунги мураккаб шароитда ташқи бозордаги вазият тез ўзгаряпти, қайд этилди йиғилишда. Бунинг таъсирида экспорт нархлари ип калавада 9 фоизга, газламада 15 фоизга, тайёр маҳсулотда 13 фоизга тушган. Асосий экспорт бозорларида тайёр маҳсулот олиш камайган. Йиғилишда бу вазиятга мослашиб ишлаш, ички имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш чоралари муҳокама қилинди.

Январь-ноябрь ойларида тўқимачилик экспорти 2,6 миллиард долларни ташкил қилди. Мутахассислар соҳадаги имкониятлар ҳисобига буни ошириш мумкинлигини таъкидлади.

«Жаҳон бозорида тола нархи пасайиб бораётган шароитда тола ва ип калавани чуқур қайта ишлашни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди. Бунинг учун мато ишлаб чиқариш ва бўяш корхоналарини қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. Бу орқали ип калавани қайта ишлаш даражасини 70 фоизга етказиш вазифаси қўйилди», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, бу йил қўй ва эчки териси экспортидан 10 фоизлик йиғим бекор қилингани натижасида 3 миллион долларлик экспорт шартномалари тузилган. Давлат раҳбари буни келаси йил ҳам давом эттириб, экспортни ошириш бўйича топшириқлар берди.

президент, тўқимачилик, чарм саноати

Шунингдек, чарм саноатида бичувчи, тикувчи, косиб каби ўрта бўғин кадрлари етишмаётгани, бу йўналишда йилига бор-йўғи 167 нафар мутахассис тайёрланаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу боис пойабзал ишлаб чиқариш ривожланган Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги етакчи корхоналарни техникумларга боғлаб, «дуал таълим»ни йўлга қўйиш зарур.

Келаси йилда енгил саноат тармоғига 2 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб қилиб, 82 та йирик лойиҳани амалга ошириш ҳамда 25 мингта иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Тўқимачилик маҳсулотлари экспортини 4 миллиард долларга, чарм маҳсулотлари экспортини 250 миллион долларга олиб чиқиш мақсад қилинган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *