Дунёнинг энг руҳлантирувчи «Топ-100» аёли рўйхатига кирган Дилором Йўлдошевани «Мардлик» ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда давлат раҳбари иштирокидаги ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2025 йилдаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Президент деновлик Дилором Йўлдошеванинг ишларини эътироф этди. Йиғилишда унинг ногиронлиги бор бўлса-да, тикув корхонасини очиб, 40 нафар камбағал хотин-қизларни ишли қилгани ҳақида сўз борди.

«Мана шундай иродали, матонатли инсонларни ҳаммага ўрнак қилиб кўрсатсак, улар билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент фармонига мувофиқ, йиғилишда Дилором Йўлдошевага «Мардлик» ордени тантанали топширилди.

Келгуси йилда бундай инсонлар ҳақида камида 5 та мотивацион ҳужжатли ва бадиий фильмлар суратга олиш муҳимлиги таъкидланди.

Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева зиммасига юклатилди.