Суриялик исёнчилар марҳум президент Ҳафиз Асаднинг мақбарасини таҳқирлашди. BBC текширгани айтилаётган видеоёзувларда Латакия ҳудудидаги Қардаҳада ўт қўйилган мақбара фонида юрган кўплаб қуролли шахсларни кўриш мумкин.
«Ҳайят Таҳрир аш-Шам» ҳаракати бошчилигидаги исёнчилар яшин тезлигида Сурияни қўлга киритиб, Асадлар оиласининг 54 йиллик ҳукмронлигига нуқта қўйди. Мамлакатни ташлаб қочган президент Башар Асад ва унинг оиласига Россия бошпана берди.
Бутун мамлакат бўйлаб марҳум президент Ҳафиз ҳамда унинг ўғли Башарнинг ҳайкаллари ва суратлари уларнинг ҳумронлигига барҳам берилганини нишонлаётган сурияликларнинг шодиёналари остида йўқ қилинмоқда.
2011 йилда Башар Асад демократия руҳидаги тинч намойишни шафқатсизларча бостириб, мамлакатни вайронкор фуқаролик урушига гирифтор қилган, оқибатда ярим миллиондан ортиқ суриялик ҳалок бўлган, 12 миллион фуқаро ўз уйларини ташлаб кетганди.
Унинг отаси Ҳафиз Асад Сурияни 1971 йилдан 2000 йилгача (ўлимига қадар) бошқариб, мамлакат жиловини ўғли Башар Асадга топшириб кетган эди.