Ўзбекистонда озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг масофавий видеоучрашувга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, 13 декабрь куни палатанинг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилган.
Ҳужжат Жиноят-ижроия кодексининг тегишли моддаларига Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги барча жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга масофали видеоучрашув йўли билан онлайн учрашиш имкониятини яратишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.
Бунда масофали видео-учрашув ёки телефон орқали сўзлашувлар миқдори жазони ижро этиш муассасасининг тартиб турига ҳамда маҳкум сақланаётган шароитга қараб белгиланади. Хусусан, лойиҳада манзил-колониялар ҳамда тарбия колонияларидаги маҳкумларнинг йил мобайнида йигирма тўрт марта масофали видеоучрашувлар олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда.
Қонун ташаббускорларининг фикрича лойиҳадаги мазкур ўзгартиришлар жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг масофали видеоучрашув йўли билан оила аъзолари ва яқинлари билан доимий алоқаларини таъминлашга, оилавий муносабатларини сақлаб қолишга, шунингдек, тузалиш йўлига ўтишига кўмаклашишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси сиёсий партиялар фракциялари муҳокамасига киритиш учун тайёрланаётгани айтилган.