Ўзбекистон халқ артисти, дубляж санъати устаси ва актёр Тўлқин Тожиев 88 ёшида вафот этди, дея хабар бермоқда Миллий академик драма театри.
Тўлқин Тожиев 1936 йил 13 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. 1959 йили у Тошкент театр ва рассомлик институтининг актёрлик факультетини тамомлаб, академик драма театрига ишга кирган.
Актёр «Ревизор», «Ҳамлет», «Қирол Лир», «Отелло», «Алишер Навоий», «Мирзо Улуғбек», «Сарвиқомат дилбарим», «Абу Али Ибн Сино» спектаклларида турли образларни яратган. «Маҳаллада дув-дув гап», «Алангали йиллар», «Беш оғайнилар», «Қора балиқ изи» каби фильмларида рол ижро этган.
1955 йилдан буён мингдан ортиқ бадиий фильмларни ўзбек тилига дубляж қилишда иштирок этган. Хусусан, «Қилич ва қалқон», «Афоня», «Иван Васильевич касбини ўзгартиради», «Сиздан угина, биздан бугина», «Нофелет қаерда?», «Автомобилдан сақланинг», «Канонир Долласнинг саргузаштлари», «Садоқат», «Филлар менинг дўстларим», «Рам ва Шам» каби киноларга овоз берган.
Бундан ташқари, радиода «Табассум» эшиттириши ва «Қармоқ» сатирик журналида ҳам чиқишлар қилган.
У 1988 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвони, 1997 йилда эса «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.