Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Париж битими доирасидаги мажбуриятини 2050 йилгача янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда у 13 декабрь куни Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтган энергетика соҳасидаги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида гапирди, дея хабар бермоқда «Dunyouzbeklari.Com» мухбири.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Париж битими доирасида 2030 йилгача мамлакатда зарарли газлар эмиссиясини 35 фоизга камайтириш бўйича мажбурият олган.

Шавкат Мирзиёев маросимда старт берилган янги лойиҳалар бундан 8 йил аввал энергетика соҳасида бошланган кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий давоми эканини таъкидлади.

«Ушбу давр мобайнида Ўзбекистон «яшил энергетика»да катта-катта қадамларни қўйди. Хусусий секторга кенг йўл очилгани натижасида ўтган 5 йилда энергетика соҳасига қарийб 20 млрд доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинди. Аввал тўлиқ давлат тасарруфида бўлган бу тизимда 24 та мустақил энергия ишлаб чиқарувчи субъектлар пайдо бўлди», — деди президент.

Давлат раҳбари ўз нутқида «яшил энергетика» соҳасида бугунга келиб 3,5 минг мегаваттли ёки 10 млрд киловатт соатга тенг 16 та йирик қуёш ва шамол электр қувватлари ишга туширилганини қайд этди. Бунинг ҳисобига 2024 йилда «яшил энергия» улуши 16 фоиздан ошган. Яъни ўтган даврда экологик тоза энергия қувватларини йилига 2−3 карра кўпайтиришга эришилган.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, 2023 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 млрд долларлик тарихий маррани забт этганини, кейинги қадам сифатида 2030 йилга бориб иқтисодиёт ҳажмини 200 млрд долларга етказиш режа қилинганини айтди. Иқтисодиёт ҳажми ўсиши фонида келгуси 5 йилда мамлакатда электр энергиясига бўлган эҳтиёж ҳозиргидан 1,5 баробар ошиб, 120 млрд киловатт соатга етиши таъкидланди.