Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси штат жадвалига қўшимча биринчи котиб — Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги вакили лавозими киритилмоқда. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 13 декабрдаги элчихона фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисидаги қарорида назарда тутилган.

Янгиликнинг мақсади Россияда Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўз вақтида ҳимоя қилишга кўмаклашиш, шунингдек, уюшган жиноятчилик, терроризм, экстремизм, одам савдоси, ноқонуний миграция ва бошқа турдаги жиноятларга қарши курашиш масалаларида Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.

Вакилнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ўртасида «ўзаро ишонч ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормаларига асосланган» яқин ҳамкорликни кучайтириш;
  • Ўзбекистон ва Россия ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича доимий асосда таклифлар тайёрлаш, шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашиш;
  • уюшган жиноятчилик, терроризм, экстремизм, одам савдоси, ноқонуний миграция ва жиноятларнинг бошқа турларига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Россия Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасида амалий ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, жиноятларни фош этиш ва ушбу йўналишларда тезкор ахборот алмашишни ташкил этишга кўмаклашиш;
  • Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича консуллик функцияларини бажаришга кўмаклашиш;
  • жиноятчилик, ҳуқуқбузарликлар, одам савдоси ва ноқонуний миграция масалалари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг оғзаки, ёзма ёки электрон мурожаатларини Ўзбекистон қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қабул қилиш ва кўриб чиқиш.

Вакил президент билан келишилган ҳолда ички ишлар вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади. Ички ишлар органларидаги фаолияти бўйича вакил Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига бўйсунади.