Шавкат Мирзиёев 19 декабрь куни Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.

Етакчилар икки томонлама кун тартибидаги ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини кўриб чиққан.

Хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашни кучайтириш мақсадида икки мамлакат махсус хизматлари ўртасидаги яқин ва самарали ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги қайд этилган.

Кремль матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев 17 декабрь куни Россия Федерацияси Қуролли Кучлари кимёвий, радиациявий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси Илья Поликарповнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Суҳбат давомида «Ўзбекистон ушбу жирканч террорчилик ҳаракатини кескин қоралаши» ва «икки давлат махсус хизматлари ўртасида терроризмга қарши курашиш соҳасида яқин ҳамкорликни давом эттириш нияти» таъкидланган.

Аввалроқ Ўзбекистон фуқароси терактни амалга оширганликда гумонланиб ушлангани ҳақида хабар берган эдик. Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, уни Украина 100 минг доллар эвазига ёллаган.