• Сб. Мар 15th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳридаги инфратузилма қурилиши ва илк лойиҳаларни кўздан кечирди


Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳрида транспорт инфратузилмаси ва муҳандислик тармоқлари қурилиши билан танишди.

Фото: “Дарё”/ Мадина Нурман

Маълумки, мазкур шаҳар 1 миллион аҳоли яшашига мўлжалланган. Инфратузилма шунга мос ва узоқ муддатли бўлиши керак. Шу боис ҳозирги кунда катта ҳажмда ер ости муҳандислик ишлари бажарилиб, улкан бунёдкорликка замин яратилмоқда.

Фото: “Дарё”/ Мадина Нурман

Шаҳарда инфратузилма, турмуш ва экология мутаносиб бўлади. Масалан, экологик транспорт тизими ташкил этилади. Метро ва электробуслар уйғунликда ҳаракатланади. Транспортлар қатнови учун 14 та туннел, 100 минг автомобилга мўлжалланган ер ости тураргоҳлари қурилади. Пиёдалар ҳамда велосипедчиларнинг тўсиқсиз ва хавфсиз ҳаракатланиши учун кенг қулайлик яратилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугунги кунда бўлажак чорраҳалардан бирида устунлар пойдеворини қуйиш ва гидроизоляция ишлари бажарилмоқда. Давлат раҳбари ушбу жараённи кўздан кечирди. Келажакни инобатга олиб, қурилишда юқори сифатли ва ташқи таъсирларга чидамли маҳсулотлардан фойдаланиш бўйича тавсиялар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, айни пайтда бир ва икки сексияли муҳандислик коллекторлари қурилиши бошланган. Улар орқали марказлашган иссиқлик ва сув қувурлари, электр энергияси, телекоммуникация каби барча муҳандислик тармоқлари ер тагидан ўтказилади.

Фото: “Дарё”/ Мадина Нурман

Шаҳарда замонавий урбанизация талаблари асосида “ақлли” технологиялар қўлланилади. Юртимизда илк бор “уч генерация” станцияси қурилади. Оқова сувлар ҳам замонавий технологиялар асосида қайта ишланиб, суғориш ва техник мақсадлар учун йўналтирилади.

Шавкат Мирзиёевга Янги Тошкентнинг биринчи босқичида кўзда тутилган лойиҳалар ҳақида ҳам ахборот берилди. Аукцион орқали сотувга чиқарилган ер участкалари ғолиблари ўзларининг инвестициявий лойиҳаларини тақдим этишди.

Фото: “Дарё”/ Мадина Нурман

Шаҳарга кўплаб маҳаллий ва хорижий инвесторлар қизиқиш билдирмоқда. Хусусан, биринчи босқичда 490 миллион АҚШ доллари қийматидаги 11 та кўп функцияли (mix-used) мажмуа, меҳмонхона ва ресторанлар лойиҳалари бошланган. Турар жойлар, тижорат жойлари ва ижтимоий муассасалар ҳудудни гавжумлаштиради. Меҳмонхона ва ресторанлар, ўзига хос дизайндаги муҳташам бинолар ташриф буюрувчиларга юқори сифатли хизмат кўрсатиши билан бирга шаҳарни туризм марказига айлантиради.

Фото: “Дарё”/ Мадина Нурман

Янаги йилда шаҳарнинг кейинги босқичлари учун ер участкалари босқичма-босқич таклиф қилинади. Ҳар бир босқичда, янги инвестицион имкониятлар ва лойиҳалар тақдим этилади. Бу, ўз навбатида, нафақат шаҳарни ривожлантириш, балки кўплаб янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий бизнесни қўллаб-қувватлашга ҳам хизмат қилади.

Фото: “Дарё”/ Мадина Нурман

Умуман, келажакда шаҳарда инновацион технологияга асосланган, юқори даромадли 200 мингта иш ўрни яратилади. Бунинг учун янги технопарклар, IT-парк, таълим ва тиббиёт кластерлари ташкил этилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *