Шавкат Мирзиёев Кореянинг Муан шаҳрида рўй берган авиаҳалокат оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Корея президенти вазифасини бажарувчи Чой Санг Мокка таъзия мактуби йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.
«Давлатимиз раҳбари Корея халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади», — дейди Асадов.
Ҳодиса 29 декабрь куни эрталаб соат 9:07 да (Тошкент вақти билан 5:07) содир бўлди. Видео кадрларида кўринишича, Jeju Air компаниясининг Boeing 737−8AS йўловчи самолёти учиш-қўниш йўлагидан чиқиб, тўсиққа урилган ва шундан сўнг ёниб кетган.
Сўнгги маълумотларга кўра, 181 кишини (175 йўловчи ва 6 экипаж аъзоси) олиб кетаётган самолёт қулаши туфайли камида 127 киши ҳалок бўлди, икки киши қутқариб қолинди. Аммо ўт ўчириш хизмати вакиллари қутқариб қолишга муваффақ бўлмаган 179 кишининг барчаси ҳалок бўлган деб ҳисобламоқда.
Йўловчиларнинг деярли барчаси Корея Республикаси, икки нафари Таиланд фуқаролари бўлган. Фавқулодда вазият жойида қутқарув операцияси олиб борилмоқда. Ҳалокатнинг аниқ сабабини аниқлаш учун тергов бошланган.