• Пт. Янв 17th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Аи-80 бензини сотуви 2025 йил охиригача чекланиши мумкин



Жамоатчилик муҳокамаси учун «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил» иқтисодиёт йилида (2025 йил) давлат дастурини амалга ошириш тўғрисидаги президент фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатда кенг жамоатчилик, халқаро ва маҳаллий экофаоллар, Ўзбекистон Экологик партияси, шунингдек, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг таклифларини инобатга олган ҳолда бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф этилган.

Ҳужжатда 2025 йил якунига қадар «Евро-4» экологик тоифасидан паст бўлган мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш учун «барча куч ва ресурсларни сафарбар қилиш» таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, бутун республика бўйлаб иссиқлик ва электр энергетика корхоналарида мазутдан ёқилғи сифатида фойдаланишни тақиқлаш белгиланган, Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган авария ҳолатлари бундан мустасно.

2025 йил 1 майдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарларида, шунингдек вилоят марказларида қуйидаги йўналишларда янги лойиҳаларни амалга оширишни тақиқлаш таклиф этилмоқда:

  • асбест, цемент, шлам ва шлак ишлаб чиқариш;
  • кўнчилик ва паррандачилик фабрикалари;
  • агар объектлар юқори самарали чанг-газ тозалаш қурилмалари билан жиҳозланмаган бўлса, ҳар қандай турдаги кўмирни ёқиш;
  • қора ва рангли металлургия заводлари, заҳарли компонентли шиша ишлаб чиқариш, заҳарли кимёвий моддалар билан ишлаш;
  • хавфлиликнинг I ва II синфларига мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари.

2024 йил бошида Энергетика вазирлиги «Dunyouzbeklari.Com»га Аи-92 ва ундан юқори маркали бензин ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобига 2026 йилгача Аи-80 бензиндан воз кечиш режалари ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, юқори октанли бензин маркаларига акциз солиғини пасайтириш таклиф қилинди.

Кейинроқ президент бош вазирга 2025 йилдан бошлаб Аи-80 («Евро-2» стандарти) дан узил-кесил воз кечиш масаласини ҳал қилишни топширди.

Бироқ сентябрь ойидаги президент қарорида 2028 йилдан бошлаб стандарт «Евро-4»дан паст бўлган мотор ёқилғисидан фойдаланишни ва сотишни босқичма-босқич чеклаш ҳақида айтилган эди. Хусусан, бунинг учун Аи-80 ишлаб чиқарадиган Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари чуқур модернизация қилинади, шунингдек, «Евро-2» ва «Евро-3» ёқилғиси импорти тақиқланади.

«Ўзбекнефтгаз» компанияси матбуот хизматининг «Dunyouzbeklari.Com»га таъкидлашича, модернизация учун вақт талаб этилади.

«Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида „Евро-4“ ва ундан юқори бензинга ўтиш учун вақт керак. 2024 йил якунига қадар лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Лойиҳани тўлиқ якунлаш учун 30−32 ой керак бўлади,» — дейилади компания хабарида.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *