9 январь куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида Япония ҳукуматининг «Инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам» дастури доирасида грант шартномаларини имзолаш маросими бўлиб ўтди, дея хабар берди «Dunyouzbeklari.Com»га мамлакат элчихонаси матбуот хизмати.

Маросимда соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров, Япония элчиси Хатори Такаши ҳамда Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятидаги тиббиёт муассасалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда умумий қиймати 215 минг долларга тенг учта лойиҳа имзоланди:

  • Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали учун гинекологик эндоскопик ва артроскопик тўплам харид қилиш (грант миқдори 111,720 доллар)
  • Республика перинатал марказига эндоскопик жиҳозлар тўплами ва жарроҳлик аспираторини харид қилиш (75,840 доллар)
  • Болалар онкологияси, гематологияси, иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказига ЛОР жиҳозлар тўплами харид қилиш (27,876 доллар)

Эслатиб ўтамиз, Япония Ўзбекистонда 1995 йилдан буён «Инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам» грант дастури доирасида соғлиқни сақлаш, таълим ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида лойиҳалар амалга оширади. Янги имзоланган лойиҳалар билан умумий 425 дан зиёд лойиҳа бўлиб, уларнинг умумий миқдори 28,56 млн доллардан ошади.