Human House галереяси эгаси ва бадиий директори Лола Сайфи Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёевага креатив соҳа вакиллари учун солиқ солиш тартибини қайта кўриб чиқишга таъсир кўрсатишни сўраб мурожаат қилди.
«Сиз Ўзбекистонда креатив индустрия ривожида фаол иштирок этаётганингизни биламан ва шунинг учун вазиятим бўйича ёрдам сўрамоқчиман», — деб ёзади у.
Лола Сайфи ўз мурожаатида янги солиқ шартлари галереянинг ёпилишига олиб келиши мумкинлигини айтди.
Human House галереяси, Лола Сайфининг сўзларига кўра, 2024 йилда дунёнинг 65 та давлатидан меҳмонларни қабул қилган ва ўзбек маданиятини тарғиб қилувчи 300 дан ортиқ тадбир ўтказган.
«Шахсий маблағимиз билан бундай лойиҳани ишлаб чиқиш жуда қийин, лекин биз қилаётган ишимизни яхши кўрамиз ва таслим бўлмаймиз», — деди у.
Галерея учун асосий муаммо 2024 йилда унинг айланмаси 1 миллиард сўмдан ошгани сабабли ҚҚС тўлашга ўтиш зарурати бўлди. Натижада бизнеснинг солиқ юки сезиларли даражада ошади, деб ёзади у.
«Бу айланмага Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан келган 250 дан ортиқ кичик ҳунарманд ва усталарнинг пуллари киради. Улар учун, оддий ижодкорлар учун қоғоз ишларини юритиш қийин, шу сабабли мен ўз айланмамнинг 4 фоизини, шу жумладан, улар учун ҳам тўладим. Аммо энди ҚҚСга ўтиш муносабати билан менинг солиғим 10 баравардан кўпроқ ошади», — деб таъкидлади Лола Сайфи.
«Бундай солиқ менинг бизнесимни ўлдиради. Қўлда тайёрланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш нархи жуда юқори ва катта даромад йўқ. Бундан ташқари, биз дунёнинг турли бурчакларидан келган меҳмонлар маданиятимизнинг бир парчасини ўз мамлакатларига олиб кетиши учун нархларни ҳамёнбоп сақлашга ҳаракат қиламиз», — деди галерея эгаси.
У қўшимча қилди: «12% ҚҚС + 15% фойда солиғи, + бухгалтернинг маоши (улар ҳозир кам эмас) мени шунчаки бизнес сифатида галереяни ёпиш зарурати олдига қўймоқда».
Лола Сайфи ўз мурожаатида ижодий маҳсулот яратганлар учун, масалан, товар айланмасининг 4 фоизини қолдириш каби юмшоқроқ солиқ режимини таклиф қилди. «Бу 40 000 000 сўм. Харажатларимизни ҳисобга олсак, бу жуда катта пул. Лекин давлатимизга ҳам ҳалол солиқ тўловчилар керак, мен бундан кейин ҳам улар қаторида бўлишга тайёрман», — деб ёзди галерея эгаси.
Лола Сайфи расмийлар Human House каби лойиҳаларни сақлаб қолиш имконини берадиган ечим топа олишига умид билдирди.
Human House галереяси — бадиий галерея, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари дизайнерлари учун кўргазма зали, ателье, реставрация устахонаси ҳамда таълим ва маданий тадбирлар учун очиқ майдонни ўзида бирлаштирган маданият маркази. Human House қўлда тайёрланган маҳсулотларни тақдим этади: кийим-кечак, пойабзал, интерьер буюмлари, расмлар ва сувенирлар. Бундан ташқари, галереяда маҳорат дарслари, концертлар, маданий учрашувлар ва кечки овқатлар ташкил этилади.