Ливан парламенти иккинчи турда армия бош қўмондони Жозеф Аунни мамлакат президенти лавозимига сайлади, деб хабар бермоқда CNN.

2022 йил октябрь ойида Мишель Ауннинг ваколат муддати тугаганидан кейин мамлакатдаги президентлик лавозими икки йилдан кўпроқ вақт давомида бўш қолди. Бугунги кунга қадар Ливаннинг янги президентини сайлаш бўйича 12 та муваффақиятсиз уриниш бўлганди.

Овоз беришнинг биринчи босқичи 9 январь куни эрталаб ташкил этилди, бироқ Жозеф Аун 128 овоздан 86 тасини қўлга кирита олмади. Иккинчи турда эса у 99 та овоз тўплади.

Аунни АҚШ ва Саудия Арабистони қўллаб-қувватлайди, деб таъкидлайди CNN. Овоз бериш натижаси Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи таъсирининг Исроил билан урушдан кейин заифлашганини кўрсатди, дея ёзмоқда Reuters. Агентликнинг қўшимча қилишича, Ауннинг сайланиши Саудия Арабистони таъсирининг мамлакатда қайта тикланиши ва Эрон таъсирининг заифлашишини кўрсатади.

Ауннинг иккинчи турдаги ғалабаси уни «Ҳизбуллоҳ» парламенти аъзолари қўллаб-қувватлагандан сўнг амалга ошди. Биринчи турда улар овоз беришда бетараф қолганди.

Овоз бериш арафасида Ғарб ва бир қанча араб давлатлари вакиллари Ауннинг сайланишига кўмаклашиш мақсадида Ливан расмийлари билан алоқаларни фаоллаштирди, дея таъкидлади BBC рус хизмати Ливан сиёсий доираларидаги манбаларига таяниб. Нашр маълумотларига кўра, 8 январь куни эрталаб Франция ва Саудия Арабистони элчилари Ливан сиёсатчилари гуруҳи билан учрашган.

60 ёшли Аун армияни 2017 йил март ойидан бери бошқариб келаётганди ва 2024 йил январь ойида истеъфога чиқиши керак эди, аммо унинг ваколатлари «Ҳизбуллоҳ» ва Исроил ўртасидаги уруш туфайли икки марта узайтирилди. Associated Press нашрининг ёзишича, Аун тайинлаган Ливаннинг янги ҳукумати жиддий муаммоларга дуч келиши мумкин, чунки мамлакат бир неча йиллардан бери иқтисодий инқироз ҳолатида турибди.