Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Минҳожиддин Ҳайдар 84 ёшида вафот этди.
Журналист ва шоир Минҳожиддин Ҳайдар 1941 йилнинг 3 май кунида Андижон вилояти, Олтинкўл тумани Маслаҳат (Тўн кўйган) қишлоғида таваллуд топган. Тўлиқсиз ўрта мактабдан сўнг Андижон медицина билим юртида (1958—1960) ўқийди. 1963—1968 йилларда эса Тошкент Давлат дорилфунунининг филология факультетида таҳсил кўради.
Унинг биринчи шеърий тўплами 1971 йилда «Инсон юраги» номи билан чоп этилади. Сўнгра унинг «Нина устида қаср» (1979), «Ўчмас бўрон» (1979), «Тирик аланга» (1984), «Булбулсиз» (1991) каби бир қатор шеърий тўпламлари ва 1992 йилда «Мусалло» номли публицистик асарлари босилиб чиқади.
У таржимон ва драматург сифатида ҳам сермаҳсул ижодкордир. Жумладан, «Онаизор» (1970), «Дўзахдаги шайтон» (1976) каби шеърий драмалари ва памфлетларини ёзган.