• Пт. Янв 17th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкентда яна иккита экобозор қурилади. Ўзи нима у?


2024 йилнинг ноябрь ойида Тошкентнинг Яккасарой тумани ҳокимлигида пойтахтнинг «Аския» бозори ўрнида савдо маркази, меҳмонхона ва экобозор қурилиши лойиҳаси тақдим этилди. Ҳудуд учун тендерда 225,59 млрд сўмлик таклиф билан Хитойнинг Sheng Ke-International компанияси ғолиб бўлди. Шунингдек, Юнусобод бозори ўрнида ҳам экобозор қурилиши режалаштирилган. Лойиҳа аввалроқ президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган эди.

Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенованинг таъкидлашича, «Аския» бозори ҳозирги ҳолатида замонавий талабларга жавоб бермайди — савдо расталарининг очиқликда жойлашганлиги ёғин-сочинли об-ҳаво шароитида ташриф буюрувчиларга ноқулайлик туғдирмоқда, шунингдек, автотураргоҳ ва транспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар бор.

Бу экобозор — транспорт билан боғлиқ муаммолар бўлмаган ёпиқ бозор эканлигини англатадими? «Dunyouzbeklari.Com» бу атаманинг моҳиятини ойдинлаштиришга ҳаракат қилди.

Тижорий кўчмас мулк соҳасидаги CMWP Uzbekistan компанияси маслаҳатчиси Амал Ҳайитовнинг «Dunyouzbeklari.Com»га маълум қилишича, халқаро амалиётда экобозорга ўхшаш фрешмаркет атамаси бор.

«Экобозор — бу янги, табиий ва экологик тоза маҳсулотлар сотиладиган замонавий савдо формати. Тошкентда бу формат нисбатан яқинда пайдо бўлган ва анъанавий бозор хусусиятларини супермаркет элементлари билан бирлаштиради», — дейди Амал Ҳайитов.

Биринчи Экобозор 2018 йили Мирзо Улуғбек туманидаги собиқ трамвай депоси ўрнида, иккинчиси 2022 йили Шайхонтоҳур туманида, «Беруний» метро бекати яқинида очилган. 2024 йил августида унинг Янгиҳаёт туманидаги филиали иш бошлади.

Амал Ҳайитовнинг сўзларига кўра, экобозорнинг анъанавий бозордан асосий фарқи — маҳсулотлар сифатининг назорати билан боғлиқ, барча товарлар зарур сертификатларга эга бўлади.

Шайхонтоҳур экобозори сотувчиларининг «Dunyouzbeklari.Com»га маълум қилишича, Ветеринария-санитария экспертизаси лабораторияси ҳар куни нафақат маҳсулотлар сифати, балки пештахталар, музлаткичлар ва асбобларнинг ҳолатини ҳам текширади.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг (СЭС) «Dunyouzbeklari.Com»га берган изоҳига кўра, текширувлар президентнинг аҳолининг соғлом овқатланиши тўғрисидаги қарори доирасида ўтказилади. Ушбу ҳужжат билан СЭС, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда «Ўзстандарт» агентлигига «назорат харидлари» орқали маркировкалаш қоидаларига риоя этилишини мунтазам равишда текшириш топширилган.

СЭС вакилларининг аниқлик киритишича, текширувлар ҳар жума куни ўтказилади. Бироқ улар нафақат экобозорлар, балки бошқа савдо нуқталарини ҳам қамраб олади.

Амал Ҳайитовнинг сўзларига кўра, экобозорлар концепцияси санитар меъёрларга риоя қилиш, тозаликни сақлаш ва савдо шохобчалари ижарачилари учун ташкил этилган сақлаш камералари мавжудлигини ўз ичига олган юқори хизмат кўрсатиш даражасини ҳам назарда тутади.

«Экобозорнинг супермаркетдан фарқи шундаки, у маҳсулотларни тўғридан-тўғри фермерлар ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларидан олиб, харидорга таклиф қилади, супермаркетлар эса товарларни дистрибюторлар орқали олиб, ишлаб чиқарувчиларнинг савдо белгиси ёки ўз савдо белгиси остида сотади», — дея қўшимча қилади эксперт.

«Беруний» метро бекатидаги экобозор сотувчиларидан бири сабзавотларни улгуржи сотувчилардан сотиб олиб, чакана сотишини айтди. «Бу ерда ҳамма шундай қилади», — дейди у. Бошқа бир сотувчининг таъкидлашича, анъанавий бозорларда ҳам вазият шунга ўхшаш: «Менинг тузламаларим уйда тайёрланган. Рўпарамдаги қассобларда ҳам ҳаммаси ўзларининг маҳсулоти. Шунчаки воситачилардан сотиб олинган маҳсулотни қайта сотадиганлар ҳам бор».

Сут маҳсулотлари бўлимидаги сотувчи аёл уйида тайёрланган сут, творог ва қаймоқни сотишини айтди. Бироқ ассортиментни хилма-хил қилиш учун у пишлоқ ва пастеризация қилинган сут ҳам сотиб олади.

Амал Ҳайитовнинг фикрича, экобозорни анъанавий бозорлардан маконни ташкил этиш услуби ҳам ажратиб туради. Экобозорларда зоналаштириш харидорлар учун қулайликни ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилади. Савдо шохобчаларининг дизайни ва жойлашуви жараённи тартибга солиш ва харидларни амалга оширишнинг қулайлигини таъминлайди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Dunyouzbeklari.Com»га пойтахт маъмурияти «экобозор» атамаси остида нимани назарда тутаётганига аниқлик киритмади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда «Сергели», «Авиасозлар» ва «Қорақамиш» бозорлари негизида учта экобозор қуриш режалаштирилган эди, бироқ лойиҳа ҳали амалга оширилмаган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *