• Пт. Янв 17th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Қўнғироққа жавоб беришда картадан пул ечиб олинмайди, аммо маълумотлар ва SMS кодини улашмаслик лозим — МБ



Марказий банк ижтимоий тармоқларда нотаниш рақамлардан қўнғироқларга жавоб берилаётганда банк карталаридан пул автоматик ечиб олинаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Регулятор банклар ва тўлов тизимларининг мобил иловаларида фирибгарлик ҳолатларининг олдини олувчи хавфсизлик чоралари кўрилганини таъкидлади.

Иловада рўйхатдан ўтиш учун телефон рақамни кўрсатиш, ушбу рақамга юборилган SMS кодини киритиш ва биометрик идентификациядан ўтиш лозим. Муваффақиятли рўйхатдан ўтгандан сўнг, фойдаланувчи банк картасини иловага боғлаши мумкин.

Картани телефон рақамига улаш учун бир марталик SMS коди юборилади. Ушбу код киритилгандан кейингина карта иловага қўшилади. Рўйхатдан ўтиш учун телефон рақами ва карта мос келиши керак, акс ҳолда уланиш амалга оширилмайди.

Янги дастур фойдаланувчилари вақт чегарасига дуч келиши мумкин — боғланган картадан фойдаланиш рўйхатдан ўтгандан бир соат ўтгач мумкин бўлади.

Бироқ агар шахс ўз маълумотларини (логин, пароль ёки SMS кодлари) бегоналарга о’тказса, шунингдек, мессенжерлар орқали тарқалаётган зарарли APK файлларини ўрнатса, бу унинг картасидан пул маблағларининг ноқонуний ечиб олинишига олиб келиши мумкин.

МБ аҳоли ва тадбиркорларни ижтимоий тармоқлардаги миш-мишларга ишонмасликка, фақат расмий ахборот манбаларидан фойдаланишга чақирди.

1 ноябрдан бошлаб МБ фуқаролар номига кредитлар олиниб, сўнгра p2p операциялари орқали карталардан маблағ ечиб олинадиган фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида онлайн кредит бериш тартибига чекловлар жорий этганди.

Ушбу ҳолатларга қарши курашиш учун «совитиш даври» ва қўшимча идентификация амалга оширилади.

Агар банкнинг мобил иловасида биринчи марта рўйхатдан ўтган ёки бошқа қурилмадан мавжуд ҳисобга кирган фуқаро илк бор онлайн кредит олаётган бўлса, у берилган пайтдан бошлаб 48 соат ичида кредитдан фойдаланган ҳолда p2p операцияларини амалга ошириш, жисмоний шахсларнинг ҳисоб рақамларига ва электрон ҳамёнларга пул ўтказиш, уяли алоқа операторлари орқали телефонни тўлдириш, чет элга пул ўтказмалари ва онлайн валюта айирбошлаш бўйича чекловлар ўрнатилади.

Ушбу чекловларни олиб ташлаш учун мижоз 48 соат ичида банк томонидан юборилган SMS хабарда кўрсатилган телефон рақамларига қўнғироқ қилиб, фирибгарларнинг таъсирисиз кредит олгани ҳақида хабар бериши керак. Банк ходими мижоз билан қайта боғланади, тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва қўшимча тасдиқлов ўтказади.

МБнинг Киберхавфсизлик маркази раҳбари Олимжон Толиповнинг таъкидлашича, ушбу чекловлар фақат биринчи марта онлайн кредит олиш учун ариза топшираётган янги фойдаланувчилар учун амал қилади. Бундан ташқари, мижоз 5 дақиқада банк билан боғланиб, кредит ҳақиқатан ҳам унинг номидан олинганини қўшимча тасдиқлаш орқали ушбу чекловларнинг барчасини олиб ташлаши мумкин.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *