Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигида қўнғир айиқ ўлдириб кетилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўрмон хўжалигига қарашли «Ахсарсой» ҳудудидаги назорат рейд тадбирида ҳайвон териси топилган. Ашёвий далил Фанлар академияси Зоология институти томонидан ўрганилганда Тянь-Шань қўнғир айиғига тегишли экани маълум бўлган.

Шунингдек, ўрганиш давомида айиқ номаълум шахслар томонидан қўлбола сиртмоқ ёрдамида ўлдирилгани, териси қолдирилиб, бошқа қисмлари олиб кетилгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан тўпланган маълумотлар ҳуқуқбузарларнинг шахсига аниқлик киритиш мақсадида Тошкент вилояти ИИББга юборилди. Аниқлик киритилгач, қонуний тартибда тегишли чора кўрилиши таъминланади, дейилади хабарда.

Маълумот учун, қўнғир айиқ заиф, кенг, бироқ мозаик тарқалган кенжа тур сифатида Ўзбекистон Қизил китобига ва CITEC’нинг I иловасига киритилган. Уларни овлаш тақиқланган.