Ҳукумат давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни қабул қилди, деб хабар бермоқда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали.
Ҳужжатга кўра, давлат мактабгача таълим ташкилотлари босқичма-босқич аутсорсинг усулида овқатлантириш тизимига ўтказилади. Давлат боғчалари тарбияланувчиларининг соғлом, хавфсиз ва сифатли овқатланишини таъминлаш мақсадида 2025 йил 1 июлгача «Ягона мавсумий таомнома» жорий этилади.
Тарбияланувчилар унинг асосида республика ҳудудлари кесимида бир тарбияланувчи учун кунлик овқатлантириш харажатини белгилаш орқали овқатлантирилади.
Озиқ-овқат харажатларининг ҳисоби «Болалар боғчаси» мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида яратилган модуллар орқали юритилади.
Шунингдек, Таълим соҳасида овқатлантиришни ташкил этиш ва назорат қилиш маркази ташкил этилади. Давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этишни мувофиқлаштириш ҳамда жараёнларни босқичма-босқич рақамлаштириш марказнинг асосий фаолият йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Қарор билан «Давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.
2025 йил 1 июлгача соғлом овқатлантириш ташкил этиладиган давлат боғчаларида тадбиркорлар билан белгиланган тартибда шартномалар тузилиши ва аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш йўлга қўйилиши таъминланади.