Ўзбекистон технологик металлар комбинати АҚШнинг Колорадо конлар мактаби билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Бу ҳақда комбинат матбуот хизмати «Dunyouzbeklari.Com»га хабар қилди.

Икки ташкилот вакиллари ўртасида ўтказилган ҳамкорлик учрашувида соҳада инновацион лойиҳалар ва таълим дастурларини такомиллаштиришга қаратилган ташаббуслар муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, Колорадо конлар мактаби билан ҳамкорликни амалга ошириш орқали қўшма ўқув режалар ишлаб чиқилиб, мутахассисларни тайёрлаш учун мослаштирилган дастурларни жорий этиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, йилига 10 дан ортиқ талаба ва мутахассислар Колорадо конлар мактабида амалиёт ўташи кўзда тутилган.

Ўзбекистон технологик металлар комбинати Колорадо конлар мактаби билан ҳамкорликда Технологик металлар олий мактабини ҳам ташкил этишни режалаштирган. Технологик металлар олий мактаби доирасида соҳа мутахассислари учун қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ташкил этилади.

Аввалроқ комбинат 2030 йилга келиб молибден ишлаб чиқаришни қиймат жиҳатидан 3,4 баробар, вольфрамни эса 50 баробарга кўпайтиришни режалаштираётгани хабар қилинганди.