• Вт. Фев 11th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

БМТ Ғазодаги яна бир антирекорд ҳақида бонг урмоқда


Халқаро ташкилотлар Ғазо секторида рўй бераётган мислсиз инсоний фожиа ҳақида бонг урмоқда. Ғазо бўлгаси ампутант болалар, яъни жароҳат туфайли қўл-оёғи кесилган болаларнинг аҳоли жон бошига нисбатига кўра биринчи ўринга чиқди.

2023 йил 7 октябрдан буён давом этаётган Исроил армияси ҳужумлари давомида минглаб болалар қўл-оёғидан айрилган, майиб-мажруҳ ҳолга келган.

Аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам Ғазодаги вазиятни “даҳшатли ва ҳалокатомуз” деб баҳолаган эди.

“Айни пайтда соғлиқни сақлаш тизими бутунлай яксон бўлган Ғазо сектори ампутация қилинган болалар сони бўйича дунёда биринчи ўринда турибди. Кўплаб болалар (тана аъзоларини кесиш) амалиётларини ҳатто анестезиясиз ўтказмоқда. Биз кўриб турган воқелик оғир халқаро жиноят деб малакаланиши мумкин”, – деган БМТ бош котиби.

Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо ҳудудига бостириб киргандан буён ҳудуддаги шифохона ва тиббий муассасаларни бомбардимон қилиб соғлиқни сақлаш тизимини бутунлай издан чиқарди.

TRT канали тайёрлаган лавҳада ҳикоя қилинишча, 3 ёшли Жиҳод Маҳмуд исмли бола Исроилнинг Ғазо секторидаги хавфсиз ҳудуд деб эълон қилинган мавзега ҳужуми оқибатида икки оёғи ва чап қўли бармоқларидан айрилган. У каби бемор болаларга рисоладагидек тиббий кўмак кўрсатилмаяпти, протез қўйиш имконияти ҳам йўқ.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Ғазо секторида 463 кундан буён давом этаётган урушда ҳалок бўлган фаластинликлар сони 46537 нафарга, яраланганлар эса 109571 нафарга етди. Ҳалок бўлганларнинг 17800 нафари болалар, 12300 нафари аёллардир.

Ғазо секторида Исроилнинг жанговар ҳаракатлари давом этар экан, минтақада гуманитар инқироз янада кучаймоқда, минглаб оилалар кунлик озиқ-овқатдан маҳрум қолмоқда. Халқаро ташкилотлар Исроил Ғазо ҳудудига инсонпарварлик кўмагини ўтказишга тўсқинлик қилаётганини танқид қилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Исроилнинг Ғазо секторида содир этаётган қилмишларини геноцид (қатлиом) деб баҳолади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *