Март ойида 6 йилга озодликдан маҳрум этилган тадбиркор Салим Абдувалиев соғлиғи билан боғлиқ ҳолатига кўра колониядан озод қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz, «Дарё» ва бошқа ОАВ. Қайд этилишича, 74 ёшли «Салимбой» узоқ вақтдан бери касал.
«Dunyouzbeklari.Com» Ўзбекистон ИИВ ва Бош прокуратурасидан тасдиқ ололмади. Таҳририят Олий судга ҳам сўров юборди.
Салим Абдувалиев ҳибсга олингани ҳақида 2023 йил декабрь ойида хабар берилган эди. Бу бутун Ўзбекистон бўйлаб «кўча тўдалари» ва жиноий гуруҳлар аъзоларини аниқлаш ва ҳибсга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар доирасида содир бўлган.
2024 йил март ойида суд тадбиркорни Жиноят кодексининг 248-моддаси (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топиб, унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Ўтган йилнинг август ойида Қирғизистон Салим Абдувалиевни Интерпол орқали қидирувга берганди.
75 ёшли тадбиркор 2017 йил январь ойидан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва мамлакат спорт курашлари ассоциацияси раиси лавозимларида ишлаб келган. Абдувалиев спорт фаолиятига қўшган ҳиссаси учун 2015 йилда «Дўстлик» ордени, 2021 йилда эса «Хизмат кўрсатган спорт мураббийи» унвони билан тақдирланган.