Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида навбатдаги назорат рейд тадбирлари олиб борилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.
Унда Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалигининг “Дуоб” ўрмон бўлими ҳудудида жами 6 туп арча дарахти кесилгани аниқланди. Оқибатда табиатга 41 млн 400 минг сўм зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан “Дуоб” ўрмон бўлими масъул қўриқчиси Р.Б.га нисбатан МЖтКнинг 79-моддаси, 4-қисми (дарахтлар, буталар, бошқа ўрмон ўсимликлари ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Унга нисбатан БҲМнинг 10 баравари — 3 млн 750 минг сўм миқдорида жарима белгиланди.
Шунингдек, қолган айбдорларни аниқлаш мақсадида ҳужжатлар Деҳқонобод туман ИИБГА юборилди. Ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний тартибда тегишли чоралар кўрилиши қўшимча қилинди.