Ўзбекистонда «Кичик бизнес академияси» — тадбиркорлар учун бепул курсларни таклиф этувчи онлайн платформа ишга туширилди, дея хабар бермоқда «Dunyouzbeklari.Com»га ташкилотчилар.
Лойиҳа ALPHA Academy бизнес мактаби томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида, TBC Bank ҳамда Payme билан ҳамкорликда яратилган.
«Платформада тадбиркорлар бошқарув ва бизнес кўникмаларини ривожлантиришлари мумкин. Курслар компанияни рўйхатдан ўтказиш ва молиявий ҳисобдан тортиб интернет орқали мижозларни жалб қилишгача бўлган кенг мавзуларни қамраб олади ҳамда ўзбек ва рус тилларида мавжуд», — дейилади хабарда.
Таълим дастурлари ALPHA Academy методистлари ва амалиётчи экспертлар, шунингдек, бизнес эгалари ва тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқилган.
Айни пайтда платформада олтита ёзиб олинган курс эълон қилинган. Биринчи учта курс бизнесни «кулранг»дан «оқ рангга» ўтказиш, ресторанни ривожлантириш ва ижтимоий тармоқларда дўконни тарғиб қилиш мавзуларига бағишланган.
Келгусида платформа ривожлантирилиб, маҳаллий бозорга йўналтирилган янги курслар қўшилиши режалаштирилмоқда.
Курсларга компьютер ёки мобиль телефон орқали кириш мумкин. Ундан фойдаланиш учун ҳавола орқали рўйхатдан ўтиш кифоя.