• Ср. Фев 19th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ижтимоий карта нима ва у кимларга берилади? – Ўзбекистон янгиликлари – Dunyouzbeklari.Com



Ижтимоий карта тажриба-синов босқичида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида жорий этилди. Карта 2024 йилнинг декабрь ойидан бошлаб янги тайинланган 9 турдаги ижтимоий тўловлар олувчи шахсларга тақдим этилмоқда. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги карта ва унинг афзалликлари ҳақида маълумот берди.

Ижтимоий тўловлар олувчи шахсларга ижтимоий карталар бепул берилади ва дастлаб тўлов воситаси (банк картаси) функциясини бажаради. 2024 йил 1 декабрдан бошлаб қуйидаги тўловлар ижтимоий карта орқали тўлаб берилмоқда:

  1. Кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси;
  2. Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам;
  3. Ёшга доир нафақа;
  4. Ногиронлик нафақаси;
  5. Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳар ойлик моддий ёрдам;
  6. Ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга ногиронлик нафақалари;
  7. Ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оналар учун нафақа;
  8. Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари хариди учун ваучер;
  9. Боқувчисини йўқотганлик нафақаси.

2025 йил 1 апрелдан бошлаб ушбу ҳудудлар (Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида) бўйича яна қўшимча 2 турдаги ижтимоий тўловлар — ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ва «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари ҳисобидан тўланадиган бир марталик моддий ёрдамлар ижтимоий карта орқали тўлаб берилади.

Ижтимоий карта қуйидаги тоифадаги шахсларга бепул берилади:

  1. Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар (шахслар);
  2. «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар;
  3. Кўп болали оилаларнинг аъзолари;
  4. Ногиронлиги бўлган шахслар;
  5. Ўзгалар парваришига муҳтож шахслар бўлган ёлғиз яшовчи ва ёлғиз кексалар;
  6. Ўзгалар парваришига муҳтож шахслар парвариши билан банд бўлган шахслар;
  7. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
  8. Васийлар (ҳомийлар), тутинган ота-оналар;
  9. Муомалага лаёқатсиз шахслар;
  10. Муомала лаёқати чекланган шахслар;
  11. Муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахсларнинг қонуний вакиллари;
  12. Пенсионерлар;
  13. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан стипендия тўланаётган талабалар;
  14. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан стипендия тўланаётган ўқувчилар (тингловчилар);
  15. Шаҳар йўловчи транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга.

2025 йилнинг 1 апрелидан бошлаб транспорт картаси ва имтиёзли транспорт картаси функцияларини ҳам бажаради. Яъни жамоат транспортида имтиёзли ёки бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар, белгиланган имтиёзли ёки бепул тарифдан фойдаланган ҳолда, имтиёзга эга бўлмаган шахслар умумбелгиланган транспорт тарифларида транспортдан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Қайд этилишича, ушбу функцияни жорий этиш мақсадида тегишли ахборот тизимларини интеграция қилиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Тажриба синов босқичида ижтимоий карта очиш учун электрон аризалар «Инсон» ижтимоий хизматлари марказлари орқали қабул қилинмоқда.

Кейинчалик фуқаролар Ягона давлат интерактив хизматлари портали, «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали ҳамда ижтимоий карта бўйича белгиланган Молиявий агентларнинг бўлинмалари (АТ «Халқ банки», АТ «Алоқабанк») орқали мурожаат этишлари мумкин бўлади.

Ижтимоий карта ариза берилган кундан бошлаб 3 иш куни ичида тақдим этилади. Ўзгалар парваришига муҳтож айрим шахсларга «Инсон» ижтимоий хизматлари марказлари томонидан 15 кун ичида ижтимоий карталар уларнинг яшаш жойига етказиб берилади.

Ижтимоий карта 2025 йил 1 июлдан бошлаб босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларига жорий этилади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 2025 йилда 600 минг кишига ижтимоий карта берилишини маълум қилганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *